Таиланд пойтахти Бангкок шаҳрида ҳукумат велосипедчилар учун 20 километр узунликдаги эстакада йўли қурилишини бошламоқчи. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.
Енгил металлдан ишлаб чиқиладиган эстакадани лойиҳачилар Бангкок марказини Суваннапху халқаро аэропорти билан боғловчи ер ости метроси устига «илиб» қўйишни режалаштирмоқда.
Метро йўналишининг узунлиги 28,5 километр, велосипед эстакадаси эса 20 км узунликда бўлади ва у Таиланд пойтахтини шаҳар ташқарисидаги ҳудуд билан боғлаб туради. Эстакадада велосипеддаги фуқароларнинг метро бекатига тушиши ва ундан чиқиши учун махсус кўприкли ўтиш йўллари ҳам бўлади.
Лойиҳанинг қурилиши Таиланд ҳукуматининг Бангкокда велосипедчилар ҳаракатини кўпайтириш юзасидан ишлаб чиққан кенг қамровли режаси ижросининг биринчи босқичи бўлади. Ушбу режага кўра, шаҳарнинг барча туманларида велосипедчилар учун алоҳида йўл чизиғи жорий қилинади, барча давлат муассасалари, савдо марказлари ва бошқа биноларда велосипедчилар учун махсус тўхташ жойлари қурилади.
Лойиҳа муаллифлари аҳоли учун қулай ва хавфсиз велосипед йўлларининг қурилиши мамлакатда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилинишига туртки бўлишига умид қилмоқда.
Бангкокнинг тарихий марказида велосипедчилар учун махсус йўлаклар мавжуд ва велосипедлар ижарага берилади, аммо автомобиль йўлларининг серқатновлиги, тез-тез тиқилинчлар бўлиб туриши ҳамда тиғиз вақтда ҳавога чиқинди газларининг кўп чиқарилиши сабаб велосипедчилар учун шароитларни қониқарли деб бўлмайди.
Изоҳ (0)