МДҲ Парламентлараро ассамблеяси (ПА)нинг бош қароргоҳи — Санкт-Петербургдаги Таврида саройида МДҲ ПАнинг Маданият, ахборот, туризм ва спорт масалалари бўйича Доимий комиссияси мажлиси бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда МДҲ ПА матбуот хизмати.
Тадбирда Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Молдова, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон парламентлари вакиллари иштирок этган. Мажлис ўз ишини ташкилий масалани кўришдан бошлаган.
Унда Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари бўйича қўмитаси раиси Адҳам Шодмонов МДҲ ПАнинг маданият, ахборот, туризм ва спорт масалалари бўйича Доимий комиссияси раиси этиб сайланган.
Комиссия аъзоларига Шодмоновнинг номзодини таништираркан, МДҲ ПА Кенгаши котибияти раҳбари — бош котиби Дмитрий Кобицкий МДҲ ПА ишига Ўзбекистон делегациясининг фаол қўшилганини олқишлаган.
«Яқиндагина, шу йили, Ўзбекистон МДҲ ПА бўйича Конвенцияга қўшилди ва бизнинг катта парламент оиламизнинг тўлақонли аъзосига айланди. Ўзбекистон делегацияси бизнинг умумий ишимизга катта ҳисса қўшишига ишончим комил», — деди у.
Адҳам Шодмонов билдирилган ишонч учун ҳамкасбларига миннатдорлик билдириб, жумладан, шундай деган: «Сизларни ишонтириб айтаманки, умумий фаолиятимиз учун бор кучимни сафарбар этаман, бор билим ва тажрибамни ишга соламан».
Мажлисдан, шунингдек, Озарбайжон Миллий Мажлисининг меҳнат ва ижтимоий сиёсат масалалари бўйича қўмитаси ва маданият масалалари бўйича қўмитаси аъзоси Элмира Охундова МДҲ ПАнинг маданият, ахборот, туризм ва спорт масалалари бўйича Доимий комиссияси раиси (Адҳам Шодмонов)нинг ўринбосари этиб янги муддатга сайланган.
Изоҳ (0)