Хитойнинг Poly Changa компанияси Тахтақорача довонида пулли туннел қуриши мумкин.

Транспорт вазирлиги матбуот хизматининг хабар қилишича, Илҳом Маҳкамов компания бош директори Жечун Мяо билан музокара ўтказди. Томонлар Китоб—Шаҳрисабз—Қарши автомобиль йўлини қайта қуриш лойиҳасини муҳокама қилиб, лойиҳани тезроқ амалга ошириш бўйича кейинги қадамларни белгилади.
Шунингдек, компания туннеллар қуришдаги бой тажрибасини маълум қилиб, Тахтақорача довонида янги туннел қуриш лойиҳасига қизиқиш билдирган.
Президент Шавкат Мирзиёев 2023 йил 11 июлдаги йиғилишда Тахтақорачада туннел қуриш бўйича тўрт йил аввал топшириқ берилгани, аммо ҳали лойиҳа ҳам мавжуд эмаслигини танқид қилганди. Ўша йилнинг октябрь ойида Қашқадарё вилоятидаги йиғилишда яна бир бор мазкур туннел масаласи кўтарилган. Мутасаддиларга Тахтақорача довонидан ўтиш талабларини енгиллаштириш топшириғи берилган.
Илҳом Маҳкамов 2025 йилнинг июлида Тахтақорача довонида туннел қуриш бўйича тендер давом этаётганини, жараёнда учта компания даъвогарлик қилаётганини айтганди.
“Туннел қуришга талабгорларда техник-иқтисодий асосларини тақдим қилиш масаласи қолди. Август ойида учта талабгордан бири ғолиб деб топилади ва у билан туннел қуриш ишлари бошланади. Мукаммал ишлаб чиқилаётган лойиҳавий ишларни бу йил битказиб, талабгорни аниқлаб, у билан шартнома тузамиз”, деган эди вазир.
Унинг сўзларига кўра, туннел узунлиги 7 километр бўлади. Қурилиш давлат-хусусий шерикчилиги асосида амалга оширилади. Туннелдан пулли йўл сифатида фойдаланиш кўзда тутилмоқда.
Ўзбекистонда 2024—2030 йилларда давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисидаги президент қарорига кўра, Тахтақорача довонида янги пулли туннел қуриш ва бошқариш лойиҳасининг дастлабки қиймати 100 млн долларни ташкил этади.
Изоҳ (0)