Ўзбекистон Суперлигаси 19-тури доирасидаги навбатдаги учрашувлар якунланди.

“Қўқон-1912” — “Сурхон” 2:0
Голлар: 1:0 — Даци (7), 2:0 — Ҳусанов (90+3)
17 август, якшанба куни Фарғонада “Қўқон-1912” ва “Сурхон” жамоалари ўртасида бўлиб ўтган баҳсда мезбонлар 2:0 ҳисобида зафар қучди.
Учрашувдаги ҳисоб 7-дақиқада очилди. Альбаниялик ҳужумчи Клейди Даци 11 метрлик жарима зарбасидан унумли фойдаланиб, таблодаги натижани 1:0 кўринишига келтириб қўйди. Ўйин якунланаётган пайтда, 90+3-дақиқада Жавоҳир Ҳусанов мезбонларнинг иккинчи голига муаллифлик қилди ва учрашувга якуний нуқтани қўйди.
Бу ғалабадан сўнг “Қўқон-1912” очколар сонини 18 тага етказди ва турнир жадвалининг 13-поғонасига кўтарилди. “Сурхон” эса 23 очко билан 8-ўринда қолмоқда.

“Машъал” — “Андижон” 1:0
Гол: 1:0 — Муртазоев (41)
Куннинг навбатдаги ўйини Муборакда “Машъал” ва “Андижон” жамоалари ўртасида бўлиб ўтди. Ўйинда ягона гол 41-дақиқада Ҳумоюн Муртазоев томонидан урилди ва мезбонларга муҳим 3 очкони тақдим этди.
Натижада “Машъал” очколар сонини 18 тага етказиб, 14-поғонани эгаллади. “Андижон” эса 21 очко билан 10-ўринга тушиб кетди.

“Бунёдкор” — “Бухоро” 2:1
Голлар: 1:0 — Матя (49), 1:1 — Нормуродов (70, автогол), 2:1 — Тўрақулов (90+4)
Тошкентда бўлиб ўтган “Бунёдкор” – “Бухоро” учрашуви қизиқарли ва голларга бой тарзда кечди. Иккинчи бўлим бошида Матия Кривокапич ҳисобни очган бўлса, 70-дақиқада “Бунёдкор” футболчиси Нажмиддин Нормуродов автогол муаллифига айланди — 1:1.
Аммо ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда “Бунёдкор” ғалабани илиб кетди. 90+4-дақиқада 20 ёшли Амир Тўрақуловнинг голи жамоасига муҳим 3 очкони олиб келди.

Шу тариқа “Бунёдкор” очколарини 34 тага етказиб, турнир жадвалининг 4-поғонасини мустаҳкамлаб олди. “Бухоро” эса 14 очко билан аутсайдерлар сафида қолмоқда.
Изоҳ (0)