Роскомнадзор сўнгги 2 ҳафта давомида Fergana News ахборот агентлигини тақиқланган домен номлари, сайтлар ёки сайт саҳифалари рўйхатига киритди. Бу ҳақда агентлик сайтида маълум қилинди.
Аввалги икки блокланиш муайян саҳифаларни, хусусан, мигрантнинг метрода ўз жонига қасд қилиш усули кўрсатилган мақолани чеклаш билан боғлиқ эди.
Fergana News’нинг маълум қилишича, таҳририят блокланиш ҳақида огоҳлантирилмаган. Айни пайтда агентлик яна ҳеч қандай сабаблар кўрсатилмасдан бутунлай блокланган.
Бу ҳақда тақиқланган сайтлар реестри ҳам гувоҳлик бермоқда. Унда сайт 10 октябрь, пайшанба кунидан бери блокланганлиги кўрсатилган.
«Биз ўз навбатида Роскомнадзордан на огоҳлантириш, на бирор мақолани ўчириш ҳақида огоҳлантириш олмадик», —деб таъкидлаган ООО «Информагенцтво Фергана.Ру» асосчиси ва бош директори Даниил Кислов.
Fergana News агентлиги 1998 йилда ташкил этилган бўлиб, Ўрта Осиё ҳақида ёзадиган ОАВдир.
Эслатиб ўтамиз, сайтга кириш 1 октябрь, сешанба куни «Ахборотлаштириш, ахборот технологиялари ва ахборотни ҳимоя қилиш тўғрисидаги» қонуннинг 15.1-моддасига асосланиб чеклаб қўйилган. Агентлик вакиллари сайтнинг огоҳлантиришсиз блокланганига изоҳ талаб қилиб, Роскомнадзорга сўровнома юборганди.
Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Fergana News блокланганидан хавотирда эканини билдирган. 8 октябрь куни эса сайт тақиқланган сайтлар рўйхатидан чиқарилганди.
Fergana News Ўзбекистон ҳудудида ҳам 2019 йил май ойига қадар блокланган эди.
Изоҳ (0)