Термиз шаҳрида кураш бўйича Президент соврини учун ат-Термизий хотирасига бағишланган XIV халқаро турнир старт олди. Бу ҳақда «Дарё»га журналист Наргиза Раҳматуллаева маълум қилди.
Ҳар икки йилликнинг энг нуфузли кураш байрамларидан бири ҳисобланган мазкур мусобақада дунёнинг 50 га яқин давлатидан 100 нафардан зиёд полвонлар иштирок этмоқда.
Жорий йилги халқаро турнирнинг соврин жамғармаси 100 минг АҚШ долларини ташкил этади. Мутлоқ вазн бўйича ғолиб чиққан спортчи Президент соврини — 10 минг АҚШ доллари билан тақдирланади.Бу галги турнир олдингиларидан бироз фарқ қилади. Унда илк бор курашчи қизлар тўрт вазн (48, 57, 70 ва 78 килограмм) тоифасида беллашади.
Кураш бўйича мураббий Дилфуза Раҳматовага кўра, мусобақада 48 давлатдан курашчи қизлар қатнашади. Улар орасида албатта ўзбекистонлик қизлар ҳам бор.
—Ушбу турнирда иштирок этаётганимдан хурсандман. Халқингизнинг миллий спорт тури юртдошларимиз орасида оммалашиб бормоқда. У ҳалоллик, мардлик каби эзгу фазилатларни ўзида мужассам этган. Шу сабабли курашга мен ҳам қизиқдим, — дейди ҳиндистонлик иштирокчи Лакшми Кумари.
Изоҳ (0)