Microsoft эронлик хакерларни АҚШ президентлигига номзод аккаунтига ҳужумда айблади. Бу ҳақда Microsoft вакиллари маълум қилди, дея хабар беради «РИА Новости».
«Яқинда киберҳудудда биз Phosphorous деб атайдиган ва таҳдид туғдираётган гуруҳнинг фаолиятини пайқаб қолдик. Биз бу гуруҳ Эрондан келиб чиққан ва ушбу мамлакат ҳукумати билан боғлиқ деб ҳисоблаймиз», — дейилади Microsoft хабарида.
Август—сентябрь ойларида, 30 кун давомида гуруҳ Microsoft мижозлари ҳисоб ёзувларини топишга 2,7 минг маротаба ҳаракат қилган ва 241 та аккаунтга ҳужум қилишга уринган.
«Хакерлар учун нишон бўлган аккаунтлар АҚШ президентлигига сайлов штабларидан бири, Қўшма Штатлар ҳукумати ҳозирги ва собиқ амалдорлари, глобал сиёсатни ёритиб келган журналистлар, шунингдек, Эрондан ташқарида истиқомат қиладиган таниқли эронликлар билан боғлиқ бўлган»,— дейилади хабарда.
Бу ҳаракатлар натижасида 4 та аккаунт бузилган. Улар АҚШ президентлигига номзод штаби ёки Қўшма Штатлар мансабдорлари билан алоқадор эмас.
Изоҳ (0)