«Карантин остидаги маҳсулотлар учун рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни беришда ушбу маҳсулотлар фитосанитария ҳолатини ўрганиш мақсадида мутахассисларни хорижий мамлакатларга юбориш заруратини аниқлаш мезонлари ва юбориш тартиби тўғрисида»ги низомни тасдиқлаш тўғрисидаги буйруқ Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди. Бу ҳақда «Ҳуқуқий ахборот» канали хабар берди.
Низомга кўра, Ўзбекистонга хорижий мамлакат ҳудудидан карантин остидаги маҳсулот билан хавфли зарарли организмлар кириб келиши хавфи мавжуд бўлганда хориждаги карантин остидаги маҳсулотнинг фитосанитар ҳолатини ўрганиш учун мутахассислар юборилади.
Маҳсулотнинг фитосанитар ҳолатини ўрганиш Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси мутахассислари томонидан амалга оширилади.
Бунинг учун жисмоний ёки юридик шахслар мутахассис юборишни сўраб инспекцияга ариза билан мурожаат қиладилар.
Ариза 7 иш куни ичида кўриб чиқилиб, хорижий мамлакат ҳудудига мутахассис юборишга зарурат мавжудлиги ўрганилади ҳамда мурожаатчига хабар берилади.
Маҳсулотнинг фитосанитар ҳолатини ўрганиш билан боғлиқ барча харажатлар томонларнинг ўзаро келишувига (шартномага) кўра мурожаатчи ва (ёки) хорижий мамлакатнинг ваколатли органи томонидан амалга оширилади.
Изоҳ (0)