Акулалар эволюциянинг энг ажойиб ижод намунаси бўлган моҳир йиртқичлардир. 400 миллион йилдан ортиқ вақтдан бери акулалар бутун дунё океан ва денгизларида сузиб юрибди, улар ҳатто чучук сувли кўл ва дарёларга ҳам кириб борган. Ҳозирда фанга 500 дан зиёд акула турлари маълум бўлиб, олимлар бу ҳали ҳаммаси эмас деган фикрда.
Акула Rhincodon typus, яъни китсимон акула сингари баҳайбат бўлиши ёки Mollisquama parini тури сингари одам кафтига сиғар даражада митти бўлиши мумкин. Лекин «акула!» деган хитобни эшитганда биз одатда Carcharodon carcharias, яъни оқ акулани тасаввур қиламиз. Ҳақиқатан ҳам, у йиртқич акулалар ичида энг таниқлисидир. Асосан ваҳима сюжетли фильмлар сабабли ушбу тур акуланинг одамлар тасаввуридаги қиёфаси жуда даҳшатли ва бешафқат кўринишда бўлиб қолган. Стивен Спилберг ўз режиссорлик маҳоратини шу қадар яхши кўрсатдики, оқибатда унинг фильмини кўрган ҳар бир одамда ҳеч бўлмаса бир марта «дунёда акулалар бўлмаса эди» деган фикр уйғонган. Хўш, акулалар бўлмаса, дунё океанлари қай ҳолга тушарди?
Акула жуда хилма-хил экосистемаларда яшайди: уни саёз мангра ўрмонлари сувларидан тортиб тропик маржон рифлари яқинида, Арктиканинг совуқ сувли ҳавзаларидан тортиб уммонларининг энг овлоқ ҳудудларида учратиш мумкин. Бироқ у қаерда, қай шароитда яшашидан қатъий назар, акула ҳар доим йиртқич бўлиб қолади. Бу эса ўша ҳудуддаги соғлом экологик муҳитни сақлаб туришда жуда муҳимдир, дея таъкидлаган Дублиндаги Тринити-коллеж зоология кафедраси мутахассиси Женни Бортолуци. Албатта, сувўтлар билан озиқланадиган акула турлари ҳам мавжуд. Бироқ бундай акулаларни бутунлай вегетариан деб бўлмайди – улар гўштдан ташқари сувўт ҳам ейди; бошқалари эса фақат этхўр бўлган учун ўсимлик истеъмол қилмайди.
Акула касалманд ва нимжон ўлжани тутиб ейди. Шу тариқа, бу йиртқичлар нафақат муайян бир популяциянинг соғлом муҳитини, балки унинг сонини ҳам назорат қилиб туради. Шу йўл билан экосистемадаги чекланган ресурсларнинг ушбу системада яшовчи ҳамма турларга етарли даражада сақланиши таъминлаб турилади.
Бундан ташқари, акула муайян экосистемани билвосита ҳимоя қилиш вазифасини ҳам бажаради. Масалан, денгиз сувўтлари яқинида яшайдиган акула тури – йўлбарс акулалар ушбу сувўтларни денгиз тошбақаларидан ҳимоя қилади. Акс ҳолда тошбақалар ушбу сувўтларни еб битириши мумкин.
Боз устига, сувдаги кислород миқдори барқарор сақланишида ҳам акулаларнинг ўз ўрни бор. Хусусан, денгиз сувини кислород билан бойитадиган планктон билан озиқланадиган балиқларнинг сонини, уларни овлайдиган акулалар чегаралаб туради. Агар ўша балиқлар ҳаддан зиёд кўпайиб кетиб, планктонни еб юборса, денгиз сувида кислород миқдори камая бошлайди.
Акулаларсиз айниқса маржон қоялари катта зиён кўради. Чунки маржон рифларидаги экосистеманинг биологик хилма-хиллигини айнан акулалар назорат қилади.
Акулалар океанлардан йўқолиб қолиши оқибатлари ҳақидаги саволга океанология кафедраси профессори ассистенти ва Shark Conservation Lab директори Тоби Дали-Энгел «Агар акулалар йўқ бўлиб кетса, океанда майда балиқлар сони кескин кўпаяди. Бу эса уларнинг озуқаси бўлган планктон, креветка ва бошқа микроорганизмларнинг жуда тезлик билан еб битирилишига олиб келади. Оқибатда майда балиқлар озуқасиз қолиб, очликдан қирилиб кетади», дея изоҳ берган.
Бунинг оқибатида маржон рифларини сувўтлар ва бактериялар қоплаб олади. Оқибатда маржонлар фотосинтез қила олмай қолиб, ўлимга юз тутади. Натижада эса бой биологик хилма-хиллик макони бўлган маржон қоялари ўрнида уларнинг скелетидан иборат ўлик саҳна қолади холос.
Акулаларнинг ўзи ҳам баъзида ўзидан йирикроқ бошқа йиртқичларга ем бўлиши мумкин. Масалан, косаткалар акулаларни ейди. Ишонмасангиз, чуқур сув ости тубликларида яшайдиган полиприон балиғининг акулани бутунича ютиб юборгани видеосини кўришингиз мумкин. Ҳатто баъзи саккизоёқлар ҳам акулани ўз исканжасига олиб, еб юборади.
Акуланинг кўчиб юрувчи турлари, масалан, кулранг акула ўз йўлидаги океан тубида яшовчи микроорганизмларга озуқа бўладиган чиқитларни ташлаб ўтади. Бир кунда акуланинг ҳаёт фаолияти чиқиндилари орқали сув остига 95 килограммгача азот келиб тушади.
Хулоса шуки, қанчалик ваҳимали ва йиртқич бўлмасин, акула океан санитари сифатида ҳимояланиши керак бўлган жонивордир. Ҳозирда 25 фоизга яқин акула ва скат турлари йўқ бўлиб кетиш хавфи остида қолган. Сўнгги бир неча ўн йилликда эса акуланинг баъзи турлари популяцияси 90 фоизгача камайиб кетган.
Изоҳ (0)