Туркманистоннинг Лебап вилояти ҳарбий қисмларидан бирининг аскарлари бир ой давомида пахта далаларидаги иситилмайдиган чодирларда, оч-наҳор яшамоқда. Бу ҳақда ҳарбий хизматчилар оила аъзоларининг сўзларига асосланиб Fergana News хабар бермоқда.
Ота-оналарнинг сўзларига кўра, август ойида Керки шаҳридан аскарлар пахта далаларига олиб кетилган. Аскарлар терим давомида яхши овқат билан таъминланмаган, бундан ташқари уларга гигиенага риоя этиш учун етарли даражада сув берилмаган.
Сўнгги пайтларда кечаси салқин тушиб қолди, бироқ аскарларда қалин кўрпа ва иссиқ кийим-бош йўқ. Аксарият ҳарбийлар ота-оналаридан пул жўнатишини сўраган. Бироқ, ота-оналарда ҳам уларнинг сўровларини тўлақонли амалга ошириш учун етарли маблағ мавжуд эмас.
Фарзандларини кўришга борган ота-оналар бир ой ичида уларнинг озиб-тўзиб кетганини маълум қилган. Бундан ташқари, уларнинг айримларида антисанитария ҳолатларида яшагани учун қўллари ва оёқларида яралар пайдо бўлган. Бироқ уларга тиббий ёрдам кўрсатилмаяпти.
«Улар тақдир ҳукмига ташлаб қўйилган. Улардан фақат пахта териш талаб қилинмоқда. Содда қилиб айтганда, улар қулларга айлантирилган», — дейди аскарларнинг ота-оналари.
Туркманистонда пахта йиғим-теримига мажбур олиб чиқишаётганидан нафақат ҳарбийлар, балки бошқа давлат ташкилотлари ходимлари ҳам шикоят қилади.
Ҳукумат эса пахта теришга бораётганлар «бу ишга ўз ихтиёри билан, қўшимча даромад топиш мақсадида» рози бўлаётганини айтади.
Изоҳ (0)