Президент қарорига мувофиқ Тўлқин Абдусатторов адлия вазирининг ўринбосари – Интеллектуал мулк агентлиги директори этиб тайинланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги маълум қилди.
Тўлқин Абдусатторов 1978 йилда Жиззах вилоятида туғилган, маълумоти олий, 1999 йилда Самарқанд давлат университетини, 2003 йилда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетини, 2007 йилда Ўзбекистон миллий университетини тамомлаган, мутахассислиги ҳуқуқшунос.
Тўлқин Абдусатторов меҳнат фаолиятини 2003 йилда Фанлар академияси фалсафа ва ҳуқуқ институти кичик илмий ходими лавозимидан бошлаган.
2019 йил март ойидан Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг раиси лавозимида фаолият юритган.
Аввалроқ, Қонунчилик палатаси депутати, Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори Раҳим Ҳакимов Тошкент давлат юридик университети ректори этиб тайинлангани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)