Олдинроқ «Дарё» колумнисти Ғайрат Йўлдош Қорақалпоғистонга саёҳат қилганини маълум қилган эдик. Саёҳат таассуротлари акс этган биринчи мақола Нукус шаҳрига бағишланган эди. Иккинчи мақоланинг мавзуси – нафақат Қорақалпоғистон, балки бутун Ўзбекистоннинг энг асосий маданият муассасаларидан бири бўлмиш Савицкий музейи.

Қорақалпоғистонга саёҳат қилишни режалаштирар эканмиз, унда энг асосий режамиз Нукусдаги Савицкий музейи ва Мўйноқдаги ўзгаришларни ҳар қанақасига, нима бўлса ҳам кўриб қайтамиз деган ният бўлди. 31 август куни кечки пайт узоқ йўл босиб Нукусга етиб бордик ва эртаси куни эрталаб энг аввало Савицкий музейини бориб томоша қилишни ният қилиб ухлашга ётдик.

1 сентябрь куни эрталаб соат 9:00 ларда меҳмонхонадан чиқиб музейга бордик. Музей шаҳар марказида жойлашган. Музей атрофи истироҳат майдони қилиб қўйилган. Шунингдек, музей олдидаги икки баланд устундан бирига Қорақалпоғистон, яна бирига Ўзбекистон байроқлари илиб қўйилган.

Фото: «Дарё»

Музей биноси олдига бориб, бир-биримизга берган саволимиз «Бугун байрам, дам олиш куни, музей ишлармикин?» бўлди. Интернетдан саволимизга жавоб қидириб кўрдик: ишлар экан. Музей томошасидан кейин, шошилинч Мўйноққа жўнашимиз лозим эди, шунга қарамай, музей очилишини кутдик. Муассаса очилди, чипта олиб ичкарига кирдик.

Фото: «Дарё»

Музейга кириш чиптаси маҳаллий аҳоли учун битта бинодаги экспонатларни томоша қилиш 11 минг сўм, иккита бинодаги экспонатларни томоша қилиш учун эса 18 минг сўм экан. Хорижликлар учун битта бинодаги экспонатларни томоша қилиш 48 минг сўм, икки бинодаги экспонатларни томоша қилиш учун 72 минг сўм экан. Хорижлик сайёҳлар камида 20 кишилик гуруҳ бўлса ва музей ҳақида инглиз тилида маълумот берувчи гид хизматини хоҳласа, унда битта бинодаги экспонатларни томоша қилиш 80 минг сўм, иккита бинодаги экспонатларни кўриш эса 160 минг сўмга тушар экан.

Ўша куни биз билан музейга бир автобус хорижий сайёҳлар ҳам кирди. Сўраб билсак, улар АҚШдан экан; улар Хивани томоша қилганидан сўнг Савицкий музейини ҳам томоша қилгани кирибди.

Савицкий музейи ҳақида

И.В. Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейи нафақат Қорақалпоғистондаги, балки Ўзбекистондаги энг йирик музейлардан бири ҳисобланади. Музей Нукус шаҳрида 1966 йилда ташкил топган ва 1984 йилдан Савицкий номи билан аталади.

Фото: «Дарё»

Музейга Савицкийнинг саъй-ҳаракати ва у тўплаган қорақалпоқ халқ амалий санъати асарлари негизида асос солинган. Музейнинг умумий майдони – 6,9 минг квадрат метр.

Музей учта алоҳида бинодан иборат. Иккита бинода кўргазма ташкил этилган. Битта бино эса музей заҳирасидаги экспонатлар сақланадиган бино экан.

Музейда халқ амалий санъати, қадимий ва ўрта асрлар Хоразм санъати, 1920–1930 йиллар ўзбек ва рус тасвирий санъати, қорақалпоқ замонавий рангтасвири ва ҳайкалтарошлиги, илмий-маърифий бўлимлар, кутубхона (10 минг китоб), жамғарма ҳамда таъмирлаш устахонаси бор. Музейда 100 мингга яқин экспонат мавжуд.

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»

Музей жамғармасида 1920–1930-йилларда авангард рассомлар яратган асарлар тўпланган. Қорақалпоқ халқ усталари томонидан яратилган заргарлик, ёғоч ўймакорлиги, каштадўзлик, тўқимачилик (айниқса ўтов жиҳозлари) ва бошқа асарлар амалий санъат бўлимида жамланган.

Тасвирий санъат бўлими тўплами жуда бой. Бу ерда қорақалпоқ рассомлари И. Савицкий, К. Соипов, Ж. Қуттимуродов, Д. Тўраниёзов ва бошқалар, Ўрта Осиё рассомлигининг кекса авлоди – А. Волков, М. Қурзин, А. Николаев (Уста Мўмин), Н. Карахан, Ў. Тансиқбоев ва бошқаларнинг кўплаб катта аҳамиятга эга бўлган асарлари бор.

Шунингдек, музейда 1920–1930-йилларда ижод этган рус рассомлари А. Шевченко, Р. Фальк, В. Мухина, И. Грабар асарлари билан бир қаторда ижоди унча ўрганилмаган Р. Мазель, К. Редько, А. Сафронов ва бошқаларнинг асарлари ҳам қўйилган.

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»

Музей бугун ҳам санъат асарларини тўплаш, тарғиб этиш, каталоглар чоп этиш, кўргазмалар ташкил қилиш билан шуғулланади.

Мамлакатимиздаги кўплаб шаҳарлардаги музейларга кирганман. Савицкий номли музейга кириб, у ерда қўйилган экспонатларни томоша қилар эканман, бошқа шаҳарларда кўрган музейларим бунинг олдида ўта ғариб бўлиб қолади. Музейдаги кўплаб экспонатлар мени ниҳоятда лол қолдирди. Айниқса ўзи ҳам рассом бўлиб расмлар чизган, шунингдек, музейни ташкил этишда бош-қош бўлган Савицкийга ҳурматим ниҳоятда ошди. Музейда битта кичик зал Савицкий асарларига, унинг ҳаёт йўлига бағишланган.

Фото: «Дарё»

Музейни айланиб томоша қилар эканман, шу пайтгача бу ерга келмаганимга ажабландим. Тўғриси, ҳозир ҳам бу музей довруғини эшитган, лекин бир марта бориб томоша қилмаган юртдошларимиз ниҳоятда кўп. Уларга бир нарсани айта оламан: имкониятингиз бўлиши биланоқ бу музейни албатта бориб кўринг. Қимматли вақтингизни сарфлаб борганингизга афсусланмайсиз, аксинча, қайта-қайта боришни хоҳлаб қоласиз.

Ҳа, таърифини эшитиб, бу музейни томоша қилиш учун олис океан ортидан, узоқ Япониядан, Европанинг турли мамлакатларидан келишяпти. Музейни ноёб экспонатларга бойлиги учун хорижда «Саҳродаги Лувр» дейишади.

Кўпчилик юртдошларимиз эса олдимиздан оққан сувни қадрламай, шундай ажойиб музейни бориб кўрмайди. Чет элликлар узоқ ўлкалардан томоша қилиш учун келаётган бу музейга балки юртимизнинг бошқа диққатга сазовор жойларига анча-мунчада боришмайди. Хуллас, музейни нафақат бир бор, балки бир неча бор томоша қилиш керак. У шунга арзийди.

Музейни томоша қилар эканмиз, бир ходимадан музей ҳақида маълумотлар сўрадим. У маълумот бераркан, музейнинг учта биноси борлигини, иккита бинода кўргазма ташкил этилганини, учинчисида эса заҳхирадаги экспонатлар сақланишини айтди. «Умумий коллекциянинг неча фоизи кўргазмага қўйилган?» деб сўраганимда у очиққа қўйилган экспонатлар умумий коллекциянинг ярмига ҳам етмаслигини маълум қилди. Демак, Савицкий музейи учун камида яна битта бино керак.

Музейдан чиқаётганимизда эътибор бердим, музей атрофида жуда катта майдон бор ва у ерда ҳозир мавжуд бўлган учта бинога ҳамоҳанг тарзда яна битта бино қурса бўлади. Ана шунда музей коллекциянинг яна бир қисмини янги бинога жойлаштирилса, мақсадга мувофиқ бўлади.

Ходиманинг айтишича, музейга кунига ўртача 200 одам ташриф буюради. Бу кўрсаткичнинг асосий қисмини хорижлик сайёҳлар ташкил этар экан. Унинг қўшимча қилишича, музейга сайёҳлар куз ва баҳор ойларида кўпроқ келади. Ёз ва қиш фаслларида музейга ташриф буюрувчи сайёҳлар камроқ бўлар экан.

Фото: «Дарё»

Аслида музей раҳбариятидан интервью олиш ҳам режамда бор эди. Аммо дам олиш куни бўлгани учун раҳбарият ишда эмас экан.

Музейда фотосурат олишга рухсат беришар экан, фақат фотоускуналарнинг ёритиш чироғини ишлатмасдан олиш мумкин экан. Музей ходимасининг тушунтиришича, фотосуратга олишда ёритиш чироғи ишлатилса, улардан чиқаётган ёруғлик расм ва бошқа экспонатларга зарар етказиши мумкин экан.

Умуман олганда, музейни томоша қилиб ўзим учун кўп нарса кашф қилдим. Музейни имконияти ва вақти бўлганлар албатта бир бор кўриши керак.

Фото: «Дарё»

Ўйлайманки, музей учун яна қўшимча бино қуриш масаласини нафақат Қорақалпоғистон раҳбарлари, балки Ўзбекистон ҳукумати ҳам кўриб чиқади ва яқин келажакда у ерда музей учун яна битта бино қад кўтаради. Ана шунда музейга янада кўпроқ экспонат қўйилади ва бу сайёҳлар оқимини кўпайтиради.

Музейдан кўтаринки кайфиятда чиқдик ва Мўйноқ сари отландик.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.