Суннатулла Бекенов Ўзбекистон Давлат активларини бошқариш агентлиги директори этиб тайинланди. «Ҳуқуқий ахборот»нинг хабар беришича, бу ҳақдаги тегишли қарор Президент томонидан 13 сентябрь, жума куни имзоланган.
Бекенов агентлик директори лавозимида Аҳадбек Ҳайдаровни алмаштирди. Қайд этиш жоиз, жорий тайинловга қадар Бекенов инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари эди.
Маълумот учун, Суннатулла Бекенов (1971 йилда туғилган) 2005 йилгача Ўзбекистон Қимматли қоғозлар депозитарийси бош директори, 2005—2007 йилларда молия вазири ўринбосари, Вазирлар Маҳкамасининг ахборот-таҳлилий департаменти мудири, 2008—2009 йилларда Вазирлар Маҳкамаси ижро аппарати раҳбари, 2009—2010 йилларда иқтисодиёт вазири бўлиб ишлаган.
У 2010—2015 йилларда ҳукуматнинг ижро этувчи аппарати бошқарувчиси, 2015—2016 йилларда ташкилий-кадрлар масаласи бўйича Президент давлат маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари, 2016—2018 йилларда иқтисодиёт вазири биринчи ўринбосари, 2018—2019 йилларда Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари бўлган.
Суннатулла Бекенов 2019 йил январида инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқовга биринчи ўринбосар этиб тайинланган эди.
Изоҳ (0)