Конго демократик республикасида поезднинг изидан чиқиб кетиши оқибатида камида 50 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда мамлакатнинг табиий офатлар билан курашиш ва гуманитар масалалар бўйича вазири Стив Мбикайининг маълумотларига асосланиб, «РБК» хабар берди.

Фото: «РБК»

Вазирнинг қайд этишича, ҳалокат оқибатида яна камида 23 киши жароҳатланган, қурбонлар сони яна ортиши мумкин, чунки поезд остида қолиб кетган одамлар ҳам бор.

Авария мамлакатнинг жануби-шарқидаги Танганика провинциясида 12 сентябрга ўтар кечаси юз берган. Поезднинг нима сабабдан релсидан чиқиб кетгани номаълум.

Вазир ўз нутқида ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирди, шунингдек, мамлакатда ҳалокатни муҳокама қилиш учун яқин орада ҳукумат йиғилиши ўтказилишини таъкидлади.