Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 11 сентябрь, чоршанба куни кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш ҳамда давлат бюджетига кафолатланган тушумларни таъминлаш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Йиғилишда, жумладан, давлат бюджетига тушумларни таъминлаш ҳолати кўриб чиқилар экан, ўтган саккиз ойда бу борадаги кўрсаткичлар прогнозга нисбатан юқори бўлгани алоҳида қайд этиб ўтилган. Даромадларни ошириш бўйича фойдаланилмаган захираларни ишга солиш, солиққа тортиладиган базани кенгайтириш масалалари муҳокама қилинган. Якка тартибдаги тадбиркорлардан ундириладиган қатъий белгиланган солиқ бўйича тушумларни таъминлаш, яширин иш ўринларини легализация қилиш муҳимлиги таъкидланган.

Тошкент шаҳри, Сурхондарё ва Наманган вилоятларида кўп миллиард сўмлик солиқ қарздорлиги ундирилмагани, қатор туман ва шаҳарлар раҳбарлари изланмай, йирик солиқ тўловчилар ҳисобига прогноз кўрсаткичларини бажаришда давом этаётгани танқид қилинган. «Халқаро валюта жамғармаси ва Жаҳон банки экспертлари иштирокида тузилган Йирик солиқ тўловчилар билан ишлаш бўйича инспекция солиқ резервларини ўрганиш ва тушумларни кўпайтиришда муҳим омил бўлаётгани қайд этилди. Ушбу ишларнинг самарасини ошириш учун йирик солиқ тўловчиларни электрон ҳисоб фактураларига ўтказиш ва уларни бухгалтерияни компьютерда юритиш дастурларига боғлаш кераклиги таъкидланди», — дейилади Президент матбуот хизмати ахборотида.

Молия вазирлигига қўшилган қиймат солиғи ставкасини камайтириш бўйича аниқ асосланган таклиф киритиш топширилган. Бюджет тушумларининг 21 фоизини таъминлайдиган 20 та шаҳар ва туман билан бевосита ишлаш учун уларга мутасадди раҳбарлар бириктирилган. Давлат бюджетининг даромадлар қисмини бажаришда сусткашликка йўл қўяётган ҳудудий солиқ идоралари раҳбарлари огоҳлантирилган. «Президент прогнозни олдиндан тўлов ҳисобига бажариш қатъиян ман этилишини таъкидлади», — деб қайд этмоқда Президент матбуот хизмати.

Қўшимча қилишларича, йиғилишда тадбиркорлар, экспертлар ва илмий-тадқиқот муассасалари вакиллари иштирокида ўтказилган муҳокамаларда билдирилган таклифларни инобатга олиниб, Солиқ кодексининг янги таҳрири лойиҳасини пухта ишлаб чиқиш зарурлиги қайд этилган.