«Ноширлик фаолияти тўғрисида»ги қонун лойиҳасида миллий матбаа ноширлигида пайдо бўлган бўшлиқларни тўлдириш орқали миллий ахборот майдонини яратишга алоҳида эътибор қаратилади. Бу ҳақда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
Таъкидланишича, «Ноширлик фаолияти тўғрисида»ги қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалалари қўмитаси томонидан иккинчи ўқиш муҳокамаси учун тайёрланмоқда. Қонун лойиҳа устида ишлаётган ишчи гуруҳ миллий матбаа ноширлиги ҳамда китобхонлик маданиятини оширишдаги пайдо бўлган бўшлиқларни тўлдириш орқали миллий ахборот майдонини яратишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.
Вазирлар Маҳкамаси томонидан киритилган ушбу қонун лойиҳаси ноширлик фаолиятининг кўплаб йўналишларини кўзда тутган ҳолда, маданий, илмий, маърифий эҳтиёжларини ҳисобга олиб ишлаб чиқилган. Унда янги технологияларни жорий этиш йўли билан нашриёт-матбаа мажмуасининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, чет эл инвестицияларни жалб этиш ҳамда маҳаллий ноширлик маҳсулотини Ўзбекистонда ва хорижда тарқатиш тармоғини ташкил этишнинг ҳуқуқий асосларини яратишга эътибор қаратилмоқда.
Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида 2019 йилнинг 6 сентябрь куни биринчи ўқишдан муҳокамадан ўтган мазкур қонун лойиҳаси 1996 йил 30 августда қабул қилинган «Ноширлик фаолияти тўғрисида»ги қонундан нафақат ноширларнинг балки китобхонлик маданиятини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани билан тубдан фарқ қилади.
Мазкур қонун лойиҳаси қабул қилиниши китобхонликни тарғиб қилиш ва ижтимоий аҳамиятга молик зарур адабиётлардан фойдаланиш, китобхонлик маданиятини ривожлантиришга кўмаклашиш учун зарур ҳуқуқий асослар яратилади.
Қонун лойиҳаси қонунчилик палатасининг расмий веб-саҳифасида жамоатчилик муҳокамаси учун жойлаштирилган. Парламентнинг профил қўмитаси эксперт ва кенг жамоатчилик таклифларини олишда манфаатдорлигини маълум қилади.
Изоҳ (0)