Президент Шавкат Мирзиёев 30 август куни Тошкент шаҳрида амалга оширилган бунёдкорлик ишларини кўздан кечирди. Президент матбуот хизматининг хабар беришича, Шавкат Мирзиёев дастлаб Тошкент давлат миллий рақс ва хореография олий мактаби биносини бориб кўрган.
Мазкур даргоҳ ихтисослашган мактаб-интернат, хореография коллежи, бакалавриат ва магистратура йўналишларини қамраб олган бўлиб, хореография бўйича узлуксиз сабоқ беради. «Лекин муассаса узоқ йиллар эски бинода фаолият юритиб келди», — дейилади расмий ахборотда.
Президентнинг 2017 йил 3 август куни ижодкорлар билан учрашувидан сўнг Олий мактаб учун алоҳида корпус ажратилиб, замонавий таъмирланди. 15 миллиард сўмдан зиёд маблағ эвазига 400 талабага мўлжалланган янги ўқув ва машғулот хоналари, 300 ўринли талабалар турар жойида шароит яратилди.
Шавкат Мирзиёев бу ердаги шароит, муҳит ва ютуқларни Ўзбекистоннинг бошқа жойларида ҳам татбиқ этиш, ҳудудий мактаблар ташкил этиб, уларни Олий мактабга бириктириш, устоз-шогирд анъанасини мустаҳкамлаш зарурлигини таъкидлади.
Президент билим юртининг ўқитувчи ва мураббийлари билан суҳбатлашди. Ўзбек миллий санъатига эътибор, бу соҳада янги таълим масканлари қуриш ва устозлар меҳнатини рағбатлантириш ишларини изчил давом эттириш лозимлиги қайд этилди. «Баҳор» рақс ансамблининг қайта тикланиши соҳа вакилларига катта қувонч бағишлади.
Олий мактаб ижодкорлари учун дам олиш маскани ташкил этиш ва автобус ажратиш бўйича топшириқ берилди.
Изоҳ (0)