Қашқадарё вилоятида мактабгача таълим муссасалари сони 1000 тага етди. «Дарё» мухбирининг хабар беришича, мингинчи боғча Деҳқонобод туманида мустақилликнинг 28 йиллик тантаналари тадбирида очилди.
Хабарда айтилишича, 9-сонли ушбу МТТ 7 миллиард 230 миллион маблағ эвазига барпо этилган бўлиб, унинг очилиш маросимида туман ҳокими ва меҳнат фахрийлари иштирок этган.
— Туманимизнинг «Бешбулоқ» шаҳарчасида фаолият бошлаган боғча 160 ўринли бўлиб, қисқа муддатли гуруҳлар ҳисобига 240 нафар болани бағрига сиғдириш имкониятига эга, — дейди Деҳқонобод туман мактабгача таълим бўлими мудири Холиёр Менглиев. — Мазкур боғча туманимизда ташкил этилган давлат боғчаларининг ўнинчиси ҳисобланса, мавжуд боғчаларнинг эллик биринчиси ҳисобланади.
Унинг қўшимча қилишича, айни кунда вилоятдаги болалар боғчаларида бола қамрови 29,6 фоизга етган. Бу кўрсаткич Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилишидан олдин 13 фоизни кўрсатган.
Боғча Жанубий Корея услубида барпо этилган бўлиб, Қашқадарёда бу услубида қурилган боғчаларнинг олтинчиси ҳисобланади.
Изоҳ (0)