23 август куни соат 10:41 да Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳри Яккабоғ маҳалласида жойлашган уйларда ёнғин бўлаётганлиги ҳақида ёнғин-қутқарув хизматига хабар келиб тушган, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси ФВВ ЁХББ ОАВ билан ҳамкорлик қилиш бўлинмаси.
Хабар асосида воқеа жойига 5 та асосий ва 1 та ёрдамчи ёнғин ўчириш техникалари жалб этилган. Биринчи бўлинмалар кўрсатилган манзилга соат 10:47 да етиб борган вақтда бир бирига туташ қурилган Қўшчинор кўчасидаги 33-уйнинг томи, ички қисми ва жиҳозлари ҳамда Учробот кўчасидаги 8-уйнинг том қисми ва дарвозахонаси очиқ аланга билан ёнаётганлиги маълум бўлган. Кўрилган тезкор ҳаракатлар натижасида ёнғин соат 11:25 да қуршаб олинган ва соат 13:05 да бартараф этилган.
Ёнғин оқибатида Қўшчинор кўчасидаги 33-уйнинг томи, шифти ва ички жиҳозлари 180 квадрат метр майдонда ёниб, аланга қўшни хонадонларга тарқалиши натижасида Учработ кўчасидаги 8-уйнинг томи, шифт қисми ва қисман ички жиҳозлари 100 квадрат метр майдонда ҳамда 6-уйнинг том қисми 6 квадрат метр майдонда ёниб зарарланган.
Аянчлиси, ёнғинни бартараф этиш вақтида Қўшчинор кўчаси 48-уйда яшаган 2008 йилда туғилган М.Р.нинг (ўғил бола) куйган ҳолдаги жасади топилган. Ҳодисанинг тахминий сабаби, аланга тарқалган хонадонда елим идишларда сақланиб келинган енгил алангаланувчи суюқликлар (бензин) олдида уйда ёлғиз қолдирилган болалар томонидан очиқ оловдан фойдаланиш.
Изоҳ (0)