Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси консуллик бўлими берган маълумотга кўра 20 август куни Рязань вилоятидаги собиқ «Химволокно» заводи ҳудудида нефть маҳсулотларини сақлаш омборини тозалаётганда 4 нафар Ўзбекистон фуқароси заҳарланди, деб хабар берди ТИВ матбуот хизмати.
Улардан бири З.А. воқеа жойида вафот этди, икки нафарига тиббий ёрдам кўрсатилмоқда, бир нафарига эса врачлар томонидан рухсат берилган.
Элчихонанинг консуллик бўлими вазиятни ўз назоратига олди ҳамда Рязань вилоятидаги ўзбек диаспораси ва Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Москва шаҳридаги Ваколатхонаси билан биргаликда марҳумнинг жасадини ватанга юбориш бўйича ташкилий ва бошқа масалалар билан шуғулланмоқда.
«Консуллик-ҳуқуқий департаменти марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига таъзия билдиради ва эслатиб ўтадики, Россиянинг Марказий федерал округи (Белгород вилояти, Брянск вилояти, Владимир вилояти, Воронеж вилояти, Иваново вилояти, Калуга вилояти, Кастрома вилояти, Курск вилояти, Липецк вилояти, Москва шаҳри, Москва вилояти, Орлов/Орёл вилояти, Рязань вилояти, Смоленск вилояти, Тамбов вилояти, Тверь вилояти, Тула вилояти, Ярослав вилояти) ва Арманистон ҳудудидаги фуқароларимиз зарур вазиятларда Москва шаҳридаги Элчихонага қуйидаги телефон рақамлари орқали мурожаат қилишлари мумкин: : +7 499 230-00-76, +7 499 238-36-20», — дейилади хабарда.
Изоҳ (0)