Журналист Раҳимжон Маҳкамов Ўзбекистонда охирги кунларда юз бераётган оммавий бузиб ташлашлар билан боғлиқ таҳликали воқеаларга ўз муносабатини билдирди. Қуйида унинг фикрларини келтирамиз.
Ўзбекистонда июль ойида ҳукм сурган жазирама ёзнинг асосий янгилигига айланмади. Бу бор-йўғи об-ҳаво. Республиканинг турли минтақаларидан келаётган, лекин бир мавзу билан боғлиқ янгиликлар ундан кўра қайноқроқ. Бузиб ташлашлар!
Тараққиётнинг янги босқичига кираётган (барибир бунга ишонамиз!) мамлакат учун кенг миқёсли реконструкция – табиий ҳолат, ва қурилишлар авж олиши унинг бир қисми холос. Шундай бўлиши ҳам керак! Ҳа, биз шаҳарларимиз қиёфасини янгилашимиз, майдонлар ва хиёбонларни ободонлаштиришимиз, ватандошларимиз қулай шароитда яшайдиган янги, обод уйлар барпо этишимиз лозим. Эски, нураб қолган уй-жой ўрнига замонавий ва қулайи келиши керак. Мақсад – жуда олийжаноб. Лекин унга эришиш йўллари, афсуски, ҳар доим ҳам олийжаноб эмас. 2019-йилнинг қайноқ ёзи буни яққол кўрсатиб турибди.
Бузиб ташлашлар! Мамлакатнинг турли бурчакларида шу сабабга кўра юзага келаётган ихтилофлар ҳақидаги хабарлар бирма-бир пайдо бўлмоқда. Тошкент, Риштон, Янгийўл, Яккабоғ, Урганч. Ижтимоий тармоқлар ғувилламоқда. Мамлакат харитасида бирма-бир янги “қайноқ нуқталар” пайдо бўляпти. Уларнинг географияси кенгаймоқда – ҳиссиётлар жунбушга келмоқда, ёзнинг бунга алоқаси йўқ. “Бузиб ташлаш” тушунчасининг ўзи шунчалик салбий тусга кирдики, бузилаётган маҳаллалар аҳолиси маҳаллий амалдорлар бебошлигига қарши туришининг ўзига хос рамзига айланиб қолди.
Энг олийжаноб ниқоб остида амалга оширилаётган лойиҳалар ҳам кимларнингдир ғараз мақсадларига хизмат қилувчи қаллоблик схемалари манбаларига айланмаётганига ортиқ ҳеч ким кафолат бермайди. Ҳукуматга бўлган ишонч даражаси тушаётгани учун ким жавоб беради? Халқ билан мулоқот ва ва инсон манфаатлари йилида томчилаб терилган ишонч. Халқ қабулхоналари, виртуал қабулхоналар, “порталлар”, масъул раҳбарларнинг сайёр қабуллари, ишчи гуруҳлар, секторлар бўйича тақсимот, мамлакатда ҳукумат ва аҳоли ўртасидаги мулоқотни йўлга қўйиш мақсадида амалга оширилган ҳамма нарса, шу иш доирасида эришилган барча ютуқлар бугун сояда қолиб кетди. Унутилди. Йўққа чиқди. Йўқликка кетди. Бузилишлар туфайли. Мамлакат раҳбариятининг ҳукуматни жамият манфаатлари, кланлар ва гуруҳлар эмас, оддий одамлар манфаатлари йўлида қарор қабул қилувчи очиқ, шаффоф институтга айлантириш бўйича кўп ойлик саъй-ҳаракатлари бугун жойларда амалга оширилаётган пухта ўйланмаган, узоқни кўзламаган бузиб ташлаш сиёсати туфайли дискредитация қилинди.
Айримлар тушунмаяпти: одамлар уларнинг шаҳарлари ободонлаштирилишига қарши эмас! Одамлар бу иш уларнинг ҳуқуқлари бузилган ҳолда амалга оширилишига қарши! Бу қонун доирасида қилинсин!
Йил давомида жамоатчилик пойтахтнинг Амир Темур кўчасидаги 45-уй аҳолиси уни сақлаб қолиш йўлида курашганини кузатди. Охир-оқибат бинонинг тарихий қиймати нуфузли комиссия томонидан тан олинди. Лекин аҳоли бунинг учун бошидан нималарни ўтказмади дейсиз.
Риштондаги вайроналар кадрлари бутун мамлакатни айланиб чиқди. У ерда одамлар етарли компенсация тўланмай уйларидан қувиб чиқарилган эди (10 миллион сўмга нима қуриш мумкин?). 40 даражада иссиқда ўз уйларини қоровуллаб, уй-жой масаласи ижобий ҳал бўлишини кутиб ўтирган (кечирасизлар) кампирларни кўриб нималарни ҳис қилдингиз?
Янгийўлда одамлар уйларидан “лаш-луш”ларини олиб чиқиб кетишига икки ҳафта беришди. Шаҳарнинг асосий шоҳкўчаси бўйлаб тушган ўнта икки қаватли уйни (қиммат капитал таъмирдан сўнг) бузиб ташлашлари керак эди. Қонун билан ўрнатилган олти ой ҳақида гап кетмади. Дастлабки икки бино, шаҳарликларнинг норозилигига қарамай, шафқатсизларча бузиб ташланди, лекин одамлар барибир бу бебошликни тўхтатди.
Савол: нега шаҳар марказидаги фаровон, маиший ҳаёти шаклланиб қолган, жиноятчилик даражаси паст, инфраструктураси шаклланган ва ижтимоий-маънавий микромуҳити ўрнатилган маҳаллалар бузиб ташланяпти? Бундай жойларда эвазига нимага эга бўляпмиз? Нега янги маҳаллаларни шаҳар четларида яратиш, агар шунчалик хоҳлаётган бўлишся, Ситига мослашган маъмурий марказларни ўша ерга кўчириш мумкин эмас? Балки гап ерда, унинг нархида, коммуникацияларни етказиш, инфраструктурани ривожлантиришга кетадиган қўшимча харажатдадир? Ахир янги маҳалла пайдо бўлаётган жойда мактаблар, шифохоналар, йўллар барпо этиш керакку? Пойтахт ланфдафтини ситилашган осмонўпар бинолар билан янгилаётган қурувчилар бундан қанчалик манфаатдор?
Бузилаётган участкалар аҳолиси ва ҳукумат вакилларининг қарама-қаршилиги бу ёз энг қайноқ чўққисига чиққан Яккабоғ – алоҳида воқеа. Ўз мулкини ҳимоя қилаётган тадбиркорлар туман ҳокимларига ўт қўйвориши учун одамларни қандай аҳволга олиб келиш керак? Қаерга қараб кетяпмиз? Бундай “обод маҳалла” кимга керак? Дастур ташаббускори бўлмиш президент бизни мана шундай ободонлаштиришга йўналтирганмиди? Ўзингизга келинг, деб қичқиргим келяпти! Яккабоғдаги воқеа норозилик детонаторига айланди, бу норозилик Урганчда янги тўлқинга айланиб кўтарилди. У ердан келаётган тақчил ахборот одамни хавотирга солмай қўймайди.
Мамлакатимизга янги “Технопарк” керакми? Керак, агар инновациялар даврида яшаймиз ва замон билан ҳамнафас бўламиз десак. Лекин нега инновацион ечимлар эски услублар билан амалга ошириляпти, нега ёлғон, ўзбошимчалик ва зўравонлик кесиб ташланмаяпти? Яқин ўтмишга яна қайтяпмизми? Одамлар ўзгаришлар бўлиши мумкинлигига ишонганида, уларнинг илк натижаларини ўз кўзи билан кўрганидан кейин-а? Нега бир хатони такрорлайверамиз?
Мана энди депутатлар ҳам ҳокимлар билан баҳсга киришди...
Урганч мамлакат харитасидаги бузилишларга боғлиқ янгиликлар контекстида тилга олинган охирги нуқтага айланишини жуда хоҳлайман. Мамлакатим гуллаб-яшнашини, давлат, жамият ва шахс манфаатлари уйғунлигига эришилишини жуда хоҳлайман.
Яккабоғдаги кичкина машъала мамлакат модернизация йўлидаги саъй-ҳаракатларни йўққа чиқарадиган фуқаролар қарама-қаршилиги гулханига айланиб кетишини хоҳламайман.
Мамлакатим ёнишини хоҳламайман.
Изоҳ (0)