Ла Лига клублари жорий мавсум трансферлар рекордини янгилади. Бу ҳақда Mundo Deportivo хабар берди.
Испаниянинг юқори дивизиони вакиллари футболчилар сотиб олишга қарийб 1 миллиард 24 миллион евро сарфлади. Бу борада Мадриднинг «Реал» клуби етакчилик қилмоқда. Клуб 303 миллион евро эвазига янги футболчиларни сотиб олди.
Ўтган трансферлар ойнасида испан клублари янги футболчилар учун 808 миллион евро сарфлаганди. Мазкур сумма ҳар йили ўртача 200 миллион еврога ўсмоқда. Аммо жорий йил ёзги трансферлар вақтида бу рекорд (ўртача ўсиш) ҳам янгиланиши мумкин. Жамоаларда янги футболчилар билан шартнома имзолаши учун яна бир ярим ой муддат бор.
«Барселона» бу борада 2-ўринни эгаллаб турибди. Каталонияликлар трансферлар учун 221 миллион евро сарфлади. «Атлетико» эса 206,5 миллион билан 3-поғонани банд қилиб турибди.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)