Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ Бухоро гарнизонига қарашли ҳарбий қисмда қўшинларнинг жанговар тайёргарлигини ҳар томонлама текшириш мақсадида ўқув машғулотлари тўсатдан берилган «Тревога» сигнали асосида бошланди, бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти «Дарё»га маълум қилди.
Ҳарбий қисм юқори жанговар шайликка келтирилди, барча шахсий таркиб ўзига белгиланган жойлар бўйича қўриқловни ташкил қилди.
Таъкидлаш жоизки, бўлинмаларда ўтказиб келинаётган бу каби текширувларда ҳарбий хизматчиларнинг жанговар тайёргарлигига ҳар томонлама баҳо берилмоқда. Машғулотларнинг биринчи куни ҳарбий қисм шахсий таркибининг «Тревога» сигнали асосида ҳаракатланиши, қўриқлашни кучайтирилган тизимга ўтказиш амалиётлари синовдан ўтказилди.
Саф кўриги орқали эса шартнома бўйича ҳарбий хизматчилар, сержантлар ва офицерлар таркибининг ҳужжатлари, сафар халтаси, қурол-аслаҳа ва анжомлари текширилди. Бир сўз билан айтганда Бухоро гарнизонига қарашли ҳарбий қисмда олиб борилаётган ўқув машғулотлари юрт посбонларининг жанговар тайёргарлигини ҳар томонлама ошириш, командирлик бошқаруви ва фавқулодда ҳолатларда ҳарбий хизматчиларнинг тўғри ва аниқ ҳаракатланиш кўникмаларини шакллантиришдан иборат.
Айни пайтда машғулотлар дала-ўқув майдонида давом этмоқда.
Изоҳ (0)