БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича бошқармаси келтирган маълумотга кўра, 2017 йилда дунё бўйича тахминан 271 миллион киши каннабис (наша), кокаин, опиум ва синтетик гиёҳванд моддалар истеъмол қилган. «ТАСС»нинг ёзишича, 35 миллион киши гиёҳванд моддаларга қарамлик сабабли тиббий ёрдамга муҳтож бўлган.
БМТ мутахассислари маълумотига кўра, дунёда тиббий ёрдамга муҳтож бўлган гиёҳванд моддаларга қарамлар сони 30 миллион кишидан 35 миллион кишига ортган.
Шунингдек, гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш билан боғлиқ ўлим ҳоллари сони ҳам ошиб, 585 мингтани ташкил этган. Каннабис (наша) энг кенг тарқалган гиёҳванд модда деб топилган, энг хавфли гиёҳванд модда сифатида эса опиоидлар (героин ва опиум) келтирилган.
Қайд этилишича, 2017 йилда кокаин ишлаб чиқариш чорак марта кўпайган бўлиб, умумий ҳисобда 1976 тоннани ташкил этган. Асосий ишлаб чиқарувчи Колумбия бўлиб, унга ушбу гиёҳванд модданинг 70 фоизи тўғри келади.
БМТ Бош Ассамблеясининг қарорига мувофиқ, 26 июнь бутун дунёда Халқаро гиёҳвандликка ва гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомалада бўлишига қарши кураш куни деб эълон қилинган.
Изоҳ (0)