Европа Иттифоқи Кенгаши 20 июнда «Қрим» санкциялар тўпламини 2020 йилнинг 23 июнигача узайтирганини маълум қилди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.
«Кенгаш Қрим ва Севастополнинг Россия томонидан ноқонуний қўшиб олинишига жавоб тариқасида жорий этилган чеклов чораларини 2020 йилнинг 23 июнигача узайтирди. Ушбу чоралар ЕИдан бўлган шахсларга ва ЕИга асосланган компанияларга нисбатан қўлланилади. Улар Қрим ва Севастополь ҳудудлари билан чекланган», — дейилади баёнотда.
Санкциялар «Қрим ва Севастополда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни импорт қилиш» ва «Қрим ва Севастополга инвестиция киритиш» бўйича чекловларни ўз ичига олади.
«Бу Европа ёки ЕИга асосланган компаниялар Қримдан кўчмас мулк сотиб ололмаслигини ва Қрим компанияларини молиялаштира олмаслигини ёки тегишли хизмат кўрсатолмаслигини билдиради», — деб қайд этилган хабарда.
Бундан ташқари, чекловлар Қрим ёки Севастополга туристик хизмат кўрсатишга ҳам тегишли. «Европанинг круиз кемалари фавқулодда ҳолатлардан ташқари Қрим ярим ороли портига кира олмайди», — дейилади хабарда.
Ушбу секторлар инфраструктураси билан боғлиқ техник ёрдам, воситачилик, қурилиш ёки муҳандислик хизматлари ҳам «кўрсатилмаслиги керак».
Изоҳ (0)