Бош прокуратура томонидан Андижон шаҳрида бир неча аёлларни бепул коттеж олганлиги тўғрисида интервью беришга мажбурлангани ҳақида ОАВ ҳамда ижтимоий тармоқларда эълон қилинган ҳамда кенг муҳокамаларга сабаб бўлган хабарлардаги важлар ўрганиб чиқилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.
Ўрганиш жараёнида аниқланишича, эҳтиёжманд шахсларни уй-жой билан таъминлаш мақсадида Андижон вилояти Хўжаобод тумани Хўжаобод массивида 2 сотихли жами 592 та коттеж қурилиши якунига етказилган.
Жорий йилнинг февраль—март ойларида вилоят ҳокимлигининг масъул шахси «Мустақиллик тикувчилик мажмуаси» МЧЖнинг уй-жойга муҳтож бўлган 6 нафар ишчиларига (Х.Тиллаева, М.Раҳимова, Ш.Бакирова, Х.Эрматова, З.Абдувалиева ва Д.Хожиматова) мазкур ҳудудда қурилаётган коттежлардан уларга совға сифатида биттадан берилишини маълум қилган.
Кейинчалик, «Ўзбекистон 24» телеканали орқали 2019 йил 31 март, 3 май ва 16 май кунлари юқоридаги ишчилар иштирокида, уларга совға сифатида коттеж берилганлиги ҳақида лавҳалар кўрсатилган, 16 май куни улар оила аъзолари билан бирга ушбу коттежларга киритиб қўйилган.
Давлат раҳбари ташрифи доирасида фақат ишчилардан бирига (Д.Хожиматова) коттеж совға қилинган. Ташрифдан сўнг вилоят ҳокимлиги масъул шахсининг талабига биноан қолган 5 нафар ишчи (Х.Тиллаева, М.Раҳимова, Ш.Бакирова, Х.Эрматова ва З.Абдувалиева) қурилаётган 4 қаватли уйлардан хонадон ажратиш ваъда қилинган ҳолда коттежлардан кўчирилган.
Шундан сўнг, улар қатор давлат ташкилотларига мурожаат қилган, Х.Тиллаеванинг ҳокимият уларни алдаганлиги ҳақидаги мурожаати ижтимоий тармоқларга жойлаштирилган.
Мавзуга доир: Президентга «андижонча спектакл» қўйилгани ростми?
Шундай қилиб, ўрганишлар шуни кўрсатдики, Андижон вилояти ҳокимлиги мутасаддилари 5 нафар эҳтиёжманд ишчига коттеж берилишини ваъда қилиб, улардан бу ҳақида оммавий ахборот воситаларига интервьюлар олинишига эришиб, коттежларга уларни уй эгаси сифатида киритиб қўйиб, бироқ якунда уларга коттеж ажратмасдан, кўзбўямачиликка йўл қўйган.
Ўрганиш натижалари юзасидан Бош прокуратура томонидан Андижон вилоят ҳокими номига зудлик билан айбдор шахсларнинг интизомий жавобгарлиги масаласини ҳал қилиш ҳамда бу каби ҳолатларга чек қўйиш чораларини кўриш тўғрисида тақдимнома киритилди.
Изоҳ (0)