Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

Бош прокуратура матбуот хизмати Қашқадарёда қўнғир айиқ одамлар томонидан калтаклаб ўлдирилгани ҳақидаги хабарлар юзасидан изоҳ берди.

Кадр: YouTube

Кадр: YouTube

Қайд этилишича, 28 май куни Чироқчи тумани, Лангар МФЙ Тутли қишлоғига Самарқанд вилояти билан чегара ҳудуддан айиқ кириб келиб, томорқаларни пайхон қилган, уй ҳайвонларига зарар етказиш билан бирга аҳоли ҳаётига хавф туғдирган.

Хусусан, фуқаро Ҳусан Тўраев, Рустам Сулаймонов, Ҳайдар Очилов ва бошқаларнинг хонадонига кирган айиқ агрессив ҳаракатланган ҳолда таҳдид қилиб, қўрқитган.

Шу сабабли қишлоқ аҳолиси томонидан расмий рўйхатдан ўтган овчи Қаҳрамон Сулаймонов ёрдамга чақирилган ва айиқ ИЖ-17 русумли милтиқ билан 16-калибрли ўқдан отиб ўлдирилган.

Ҳодиса жойига етиб борган профилактика инспектори жойни кўздан кечириб, воқеани процессуал тартибда расмийлаштирган ва айиқ туман марказига олиб келинган.

Мазкур ҳолат туман ИИБнинг жиноят ҳақидаги ариза ва хабарларни рўйхатга олиш китобида 28 май куни рўйхатга олиниб, айни вақтда тергов бўлинмаси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ҳолат бўйича сўралган Х.Тўраев ўша куни томорқасида ишлаб турганида адирдаги тепаликдан унинг хонадонига айиқ ҳужум қилиб кириб келгани, шу вақтда қишлоқ аҳолиси томонидан чақирилган овчи унинг хонадонидан 20 метр пастроқда айиқни отиб ташлаганини баён қилган.

Айиқ жасади туман ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими, экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси бошлиқлари томонидан кўздан кечирилиб, унинг ҳолати ҳамда (қутуриш) касалликларга чалинганлиги юзасидан текширув ўтказиш учун ветеринария бўлимига топширилган.

Айни вақтда туман ветеринария бўлими томонидан айиқ жасадидан олинган намуналар экспертизадан ўтказиш мақсадида ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат хавфсизлиги марказига юборилган.

Мазкур ишга ваколатли идоралардан малакали мутахассислар жалб этилган ҳамда текшириш ҳаракатлари туман прокуратураси томонидан назоратга олинган.

«Текширишда асосий эътибор айиқнинг ўлдирилиши айнан охирги зарурат билан боғлиқлиги, уни ўлдирмасдан ҳам хавфнинг олдини олиш имкони бўлган ёки йўқлигига қаратилган бўлиб, тегишли шахслар ҳаракатига ҳуқуқий баҳо бериш билан натижаси бўйича қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади», дейилади хабарда.

Изоҳ
Asosiy yangiliklar
Маҳаллий
Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон ва Фарғона водийсида сув таъминотини яхшилашга оид тақдимот билан танишди (фото)
Маданият
Томошабинлар меҳрига сазовор бўлган энг гўзал турк актрисалари (фото)
Маҳаллий
Марказий банк хорижий валюталарнинг сўмга нисбатан янги қийматини эълон қилди