Хитойнинг шимолий ҳудудларида май ойи охири учун ноодатий даражада иссиқ об-ҳаво ҳукмронлик қилмоқда, дея хабар бермоқда «ТАСС». Метеорологларнинг таъкидлашича, бу йилги жазирама одатдагидан эрта келган.
Мамлакатнинг шимолий ва шимоли-шарқий қисмида 23—25 май кунлари ҳаво ҳарорати +37 даражагача кўтарилади. Пекинда, шунингдек, Хебей, Хенан ва Шандун провинцияларида эса ҳаво ҳарорати +40 даражадан ошади.
Хитой Метеорологик маркази вакили Чен Таонинг сўзларига кўра, «ҳозирги иссиқлик тўлқини узоқ давом этмайди ва Хитойнинг унча ҳам кўп провинцияларига таъсир қилмайди». Бироқ унинг аниқлик киритишича, об-ҳаво қишлоқ хўжалиги ва ўрмонларга хавф туғдириши мумкин.
«Май ойидаги иссиқлик буғдой ўсишига таъсир қилиши мумкин, шунингдек, ўрмон ёнғинлари келиб чиқиши эҳтимоли бор», — деган метеоролог.
Хабарда айтилишича, бундай об-ҳаво душанбагача давом этади, шундан сўнг Хитой шимоли-шарқида ёғингарчиликлар кутилмоқда.
Изоҳ (0)