Тошкентда автомобиль олиб қочганликда гумонланувчи шахс қўлга олинди, деб хабар беради Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати.
18 май куни тахминан 17:00 да ички ишлар органларига 39 ёшли Тоҳир М.дан хабар келиб тушди.
Унга кўра, номаълум шахс Чилонзор тумани Фурқат кўчасидаги Муқимий театри яқинида қолдирилган Тоҳир Мга тегишли бўлган Nexia-2 русумли автомобилни олиб қочган.
Машина калити автомобиль ичида қолдирилган бўлган. Кўрилган чоралар натижасида бир соат ўтмасдан ЙПХ ва ППХ ходимлари қидирилаётган машинани ва уни олиб қочганликда гумонланувчи шахсни Чилонзор туманидаги Новза масжиди ёнидан топди.
Автомобиль тўхтатилди, гумонланувчи – 21 ёшли муқаддам судланган Ҳусниддин Зоиров эса қўлга олинди. Ушбу факт бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 267-моддаси 1-қисми (Транспорт воситасини олиб қочиш) бўйича жиноий иш қўзғатилди.
«Ҳурматли ҳамшаҳарлар ва Тошкент меҳмонлари! Автомобильингизнинг калитини ўт олдиргичда қолдирманг. Имкон қадар машинангизни қўриқланадиган автотураргоҳда қолдиринг», — дейилади пойтахт ИИББ хабарида.
Изоҳ (0)