Бухорода Ўзбекистон Транспорт вазирлиги томонидан Бухородан Тошкент, Самарқанд, Хоразм ва Қашқадарёга қатнайдиган 20 та замонавий автобус хизмати йўлга қўйилди. Бу ҳақда Автомобиль йўллари қўмитасининг ҳудудий бошқармаси матбуот хизмати вакили Шерзод Тошев маълум қилди.
Мазкур шаҳарлараро тезюрар автобуслар видеокузатув мосламалари ҳамда GPS қурилмаси билан жиҳозланган.
— Автобуслар икки нафар тегишли малака ва етарли иш тажрибасига эга бўлган ҳайдовчилар томонидан бошқарилади. Марказлашган диспетчерлик хизмати йўловчиларга намунали транспорт хизматини кўрсатади. Йўловчилар чипталарни автостанция кассалари орқали ҳам харид қилиш имкониятига эга бўлишди, — деди Шерзод Тошев.
«Бухоро–Тошкент» йўналишидаги автобуслар чиптаси 55 минг сўм қилиб белгиланган.
— Кейинги пайтларда йўловчи ташиш транспорт воситалари турлари ошиб бормоқда. Тўғриси, мен узоқ йиллардан буён пойтахтга ёки Самарқандга бориш учун автобус хизматидан фойдаланмай қўйгандим. Чунки хизматлар жуда ачинарли аҳволда, автобуслар носоз ва таъмирга муҳтож эди. Бугун эса «Тошкент–Бухоро» йўналишидаги замонавий автобусда 55 минг сўм эвазига, бор-йўғи, 7 соатда қайтдим. Ҳам арзон, ҳам қулай, — деди йўловчи Муроджон Раҳматов.
Изоҳ (0)