15—19 май кунлари Англиянинг Манчестер шаҳрида бўлиб ўтадиган таэквондонинг WTF йўналиши бўйича Жаҳон чемпионати арафасида ташкил этилган Бош ассамблеяда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ва мамлакат таэквондо ассоциацияси вакиллари ҳам иштирок этмоқда. Бу ҳақда МОҚ хабар берди.
Ассамблеянинг биринчи қисмида кун тартибига қўйилган асосий мавзу таэквондо спортининг бутун дунё бўйлаб оммалашувини янада кенгайтириш ва Халқаро федерациянинг молиявий ҳолати бўлди. Дастлаб Халқаро федерация молия бўлимининг аудит ҳисоботи тингланди. Шунингдек, янги мавсум учун Халқаро таэквондо WТ федерацияси бюджети тасдиқланди.
Айни пайтда Бош Ассамблея йиғилиши ўз ишини давом эттирмоқда. Кун давомида жанглар пайтида спортчиларнинг ҳаракатини баҳолашда киритиладиган ўзгаришлар, шунингдек, яқин йиллар ичида ўсмирлар, ёшлар ва катталар миқёсидаги мусобақаларга мезбонлик қилувчи шаҳарларни аниқлаш каби масалалар ҳам муҳокамага қўйилади.
Қолаверса, Бош Ассамблея давомида халқаро федерациянинг Ижроқўм, тиббий ва техник қўмиталарининг ҳисоботи тингланиб, бу йил Италиянинг Неапол шаҳрида бўлиб ўтадиган ёзги Универсиада ўйинлари ва Токио Олимпиадасига кўрилаётган тайёгарлик юзасидан тақдимот намойиш этилиши ҳам белгилаб қўйилган.
Маълумот учун, Бош Ассамблея йиғилишида Ўзбекистон номидан Ўзбекистон Миллий олимипия қўмитаси президенти маслаҳатчиси Назиржон Худойқулов ҳамда Ўзбекистон таэквондо ассоциацияси Бош котиби Абдуазим Исроилов иштирок этяпти.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)