Ҳукумат қарори (386-сон, 08.05.2019-й.) билан Ихтисослаштирилган сўйиш корхоналари учун ветеринария, ветеринария-санитария нормалари ва қоидалари тасдиқланди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг «Ҳуқуқий ахборот» Telegram-каналида хабар берилди.
Қарорга мувофиқ, тери хом ашёсини тайёрлаш (қайта ишлаш) ветеринария-санитария норма ва қоидаларига жавоб берадиган, махсус бино ҳамда омборхоналари мавжуд бўлган юридик шахслар томонидан амалга оширилиши мумкин.
Ихтисослаштирилган сўйиш корхоналарида асосий ва ёрдамчи бинолар бўлиши шарт.
14 кундан кичик бўлган ҳайвонлар гўшт учун сўйилишга рухсат этилмайди.
Қуйидаги ҳолларда ҳайвонларни гўшт учун сўйиш тақиқланади:
ветеринария врачининг рухсати бўлмаганида;
куйдирги, ўлат, қутириш, ботулизм, парранда гриппи ва бошқа бир қанча касалликлар билан касалланган ёки гумон қилинган ҳайвонлар;
ўлим талвасасида бўлган ҳайвонлар;
куйдирги касаллигига қарши эмланган ва даволанган ҳайвонларни эмлашдан кейин 14 кун давомида, оқсил касаллигига қарши эмланганда, эмланишдан кейин 21 кун давомида;
маллеинизация қилинмаган бир туёқли ҳайвонлар.
Сўйилган барча ҳайвонларнинг гўшти ва бошқа маҳсулотлари ветеринария врачи томонидан экспертизадан ўтказилиши шарт.
Изоҳ (0)