Жанубий Кореяда теҳсил олаётган ўзбекистонлик талаба 22 ёшли Фарруҳ Мўминов Сеул шаҳрида жойлашган ўзи яшаётган уйда чиққан ёнғин оқибатида ҳалок бўлди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар берди.
Ўзбекистоннинг Корея Республикасидаги Элчихонаси берган маълумотларга кўра, 9 май куни ўзбекистонлик талабалар Мутал Йўлдошев (1997 йилда туғилган) ва Фарруҳ Мўминов (1996 йилда туғилган) бўлган Сеул шаҳридаги квартирада маҳаллий вақт билан тахминан соат 14:30 да ёнғин содир бўлган. Натижада Фарруҳ Мўминов воқеа жойида вафот этган.
Мутал Йўлдошев иккинчи даражали куйиш жароҳатини олган ва шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш учун Ҳанил касалхонасига олиб борилган.
Консул ва яқин дўстлари иштирокида марҳумни аниқлаш борасида амалиёт ўтказилди. Дипломатик ваколатхона вакиллари Мутал Йўлдошевнинг аҳволидан ҳам хабар олди. Шифокорлар беморнинг аҳволини оғир деб баҳоламоқда.
Ҳозирда полиция томонидан ёнғин сабабларини ва ҳодисага сабаб бўлган бошқа барча омилларни аниқлаш учун тергов олиб борилмоқда.
Ўзбекистон фуқаролари билан боғлиқ мазкур ҳолатни элчихона назоратда ушлаб турибди, Ҳанил касалхонаси раҳбарияти билан мулоқотда бўлиб турибди ва фуқаро жасадини Ватанга жўнатиш масаласи устида иш олиб бормоқда.
Изоҳ (0)