Кеча, 25 апрель куни бошланган Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Мудофаа вазирлиги ҳарбий қисм ва муассасаларидаги бошланғич ташкилоти етакчиларининг икки кунлик форуми бугун, 26 апрелда ўз ишини якунлади. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати «Дарё»га хабар берди.
«Ёшларимиз маънавияти ва интеллектуал салоҳиятини ошириш, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашнинг долзарб масалалари» мавзусида ўтказилган мазкур тадбирда Ўзбекистон Мудофаа, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари, Миллий гвардия ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи масъул ходимлари, шунингдек, Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Давлат бошқарув академияси қошидаги Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институти профессор-ўқитувчилари ўз маърузалари билан иштирок этди.
Танқидий-таҳлилий руҳда ўтган форумнинг биринчи кунида ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларда миллий ғурур, ифтихор ва ор-номус фазилатларини шакллантириш, ёшлар билан ишлашни тўғри йўлга қўйиш, бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш бўйича мутахассислар томонидан керакли тавсия ва таклифлар берилди.
Форумнинг иккинчи куни Қуролли Кучлар академиясида давом этди. Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг ҳудудий бўлимларида ёшларга оид амалга оширилаётган ишлар ҳамда ҳарбий қисм ва муассасалардаги бошланғич ташкилотлари фаолияти таҳлил қилинди. Бу борада йўл қўйилган камчиликлар танқид остига олинди.
Форум якунида ҳарбий қисм ва муассасалардаги бошланғич ташкилот етакчиларининганиқ дастур асосида 2019 йил давомида амалга оширадиган ишлари белгилаб берилди. Энг фаол етакчиларга Мудофаа вазирининг эсдалик совғалари топширилди.
Изоҳ (0)