Туркия Маданият вазирлигининг Кино бошқармаси ва Юнус Эмре институти кўмаги билан Аврасия нодавлат жамоатчилик ҳамкорлиги фонди томонидан ташкил қилинаётган «Турк фильмлари ҳафталиги» 25—28 апрель кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтади. Бу ҳақда «Халқ сўзи» хабар бермоқда.
Ҳафталикда турк кино шинавандалари томонидан юқори баҳоланган фильмлар намойиш қилинади.
«Новвой бобо», «Ишқ сири», «Қашқирлар макони: Ватан», «Қизиқувчан болалар: Даҳлиз воқеаси», «Жигарим» каби фильмлар намойиши режалаштирилган тадбирга «Новвой бобо», «Ишқ сири» фильмларининг режиссёри Куршат Кизбаз, актриса Ҳаят Ўлжай ва «Қашқирлар макони: Ватан» фильмидаги Умар бобо роли билан томошабинлар меҳрини қозонган таниқли актёр Эмин Ўлжай иштирок этади.
Ўзбекистонда турк сериалларига, актёр ва актрисаларига қизиқиш кучли бўлгани боис «Турк фильмлари ҳафталиги» юқори даражада ўтиши кутилмоқда.
Ҳафта давомида барча фильмлар Алишер Навоий номидаги киносарой залларида томошабинлар ҳукмига ҳавола қилинади.
Изоҳ (0)