Самарқандда орадан 30 йилдан ошиқроқ вақт ўтиб бир йўла икки ўзбек-тожик фильми суратга олинади. Бу ҳақда «Правда Востока» мухбири Анастасия Павленко хабар бермоқда.
Самарқанддаги кўплаб лойиҳалар ташаббускори, Vendo компаниялар гуруҳи директори Хайрулло Мамасолиев тожикистонлик режиссёр Собир Собировнинг қирқ қиз афсонаси бўйича фильм олиш ғояси билан қизиқиб қолди ва унга ҳамкорликни таклиф этди.
—Биринчи фильм «Гавҳар» деб номланади ва Афросиёбни душманлардан ҳимоя қилган Сўғдиёнанинг афсонавий амазонкалари ҳақида ҳикоя қилади. Фильмда трюклар кўп бўлади, шу сабабли йил давомида фақат тайёргарлик билан шуғулланамиз. Ҳозир қизлар танлови кетмоқда, кейинчалик уларни отда чопиш, қилич ўйнатишга ўргатамиз. Бунга параллел равишда самарқандлик тўрт дўст ҳақида комедияни суратга оламиз. Улардан бири тожикистонлик қизни севиб қолади ва унга уйланишни истайди. Бундан охир-оқибат нима чиқишини томошабин фильмни кўргач билиб олади, — дейди Собир Собиров.
Фильмлар Ўзбекистон ва Тожикистонда суратга олинади.
Маълумот учун, Собир Собиров тожикистонлик таниқли режиссёр, актёр ва сценарийнавис Тоҳир Собировнинг ўғли бўлиб, Самарқандда туғилиб-ўсган. Тоҳир Собировнинг 1987 йилда Самарқанд ва Бухорода тасвирга олинган «Шаҳризоданинг сўнгги кечаси» фильмида ўзбек актёрлари ҳам суратга тушганди.