2019 йилнинг 16 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Алан Дунканни қабул қилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар бермоқда.
Сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестицион, туризм, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги икки томонлама муносабатлар фаоллашаётгани мамнуният билан қайд этилди. 2018 йили ўзаро савдо олдинги йилга нисбатан 37% га ўсиб, 235,9 миллион АҚШ долларини ташкил этди, Буюк Британия Ўзбекистон иқтисодиётига киритилган инвестиция ҳажми бўйича 5-ўринни эгаллади.
Ўзбекистон-Британия муносабатларини янада ривожлантиришдан томонлар манфаатдор эканлиги тасдиқланди ва 2019 йилда ўтказиладиган тадбирлар режаси бўйича таклифлар муҳокама қилинди.
Халқаро ва минтақавий кун тартиби юзасидан фикр алмашиш чоғида Афғонистон муаммосига алоҳида эътибор қаратилди. Британия томони афғонлараро тинчлик мулоқотига кўмаклашиш ва Афғонистонда йирик инфратузилма ва ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш борасидаги Ўзбекистоннинг саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлади.
Учрашувда таълим соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари, шу жумладан, Ўзбекистон таълим муассасалари амалиётида тегишли стандартлар ва тажрибани қўллаш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Суҳбатда Буюк Британия Элчиси Кристофер Аллан иштирок этди.
Изоҳ (0)