Тошкент шаҳар ИИББда 13 апрель куни ўтказилган брифингда ЙПХ ходимларига тарқатилиши кутилаётган боди-камера (body-camera)ларнинг ўзига хосликлари ҳақида маълумот берилди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири хабар бермоқда.
Тошкент шаҳар ИИББ вакилларининг маълум қилишича, ЙПХ ходимларига хизматга чиқишдан аввал ID бириктирилган боди-камералар берилади. Иш вақти тугаганидан сўнг, ходим боди-камерани топширади, унинг тасвирлари эса серверга жойлаштирилади. Қайд этишларича, эҳтимолий низоларга ойдинлик киритиш учун видеоёзувлар бир ойгача сақланади.
ЙПХ ходими боди-камера ўзи ўчириб-ёқиши мумкин эмас. Хизмат вақтида ходим ўз эҳтиёжлари учун фақат беш дақиқагача видеокамерани ечиб қўйиши мумкин. Агар «танаффус» беш дақиқадан ошиб кетса, бу ҳақда автоматик равишда марказга хабар жўнатилади. Таъкидлашларича, Тошкентда ЙПХ ходимлари «яқин кунлар ичида» боди-камерадан фойдаланишни бошлайди.
Авварлоқ, 8 апрелдан Сурхондарё вилоятида ўнлаб ЙПХ ходимлари синов тариқасида боди-камералар билан ишлашни бошлагани ҳақида хабар берилган эди. Қайд этиш жоиз, 2019 йил 1 июлдан бошлаб ЙПХ ходимлари боди-камерасиз хизматни олиб бориши мумкин эмас.
Изоҳ (0)