Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида бўлиб ўтган сайёр суд мажлисида судья алиментдан қарздор 3 нафар отани 15 суткага қамоққа олиш ҳақида қарор чиқарди. Бу ҳақда «Дарё»га МИБ Қашқадарё вилояти бошқармаси матбуот хизмати раҳбари Гулноза Дилмуродова хабар бермоқда.
Фуқаролик ишлари бўйича Яккабоғ туманлараро судининг 2016 йил 25 июлдаги ҳукмига кўра ушбу туманда яшовчи фуқаро О.Акбаров ундирувчи С.Аҳмедованинг фойдасига икки нафар фарзандининг моддий таъминоти учун даромадининг 1/3 қисми миқдорида алимент ундирилиши белгиланган. Бироқ қарздор ота 30 ой давомида умуман алимент тўламай жами 12 955 230 сўм миқдорида қарз бўлган. Давлат ижрочиси 3 маротаба расман огоҳлантирса-да, алимент тўлашдан қасддан бўйин товлаган.
МИБ Яккабоғ туман бўлими иш юритувида бўлган Яккабоғ туманида ўтказилган суд мажлисида О.Акбаров ва яна 3 нафар ўзига юклатилган мажбуриятни бажармасдан, моддий таъминотга муҳтож бўлган вояга етмаган фарзандини моддий таъминлашдан бўйин товлаб, Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 474-моддаси талабларини қўпол равишда бузган қарздор оталарга нисбатан суд иши кўриб чиқилди. Маъмурий суд раисининг қарорига кўра О.Акбаров, шунингдек, 13 ой мобайнида 9 355 000 сўм алимент қарзини тўламаган Д.Турсунов ва 18 ой мобайнида 4 227 138 сўм қарздорлиги учун Ф.Раҳматовларга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Судда иши кўрилган яна бир қарздор I.Тўйчиев суд жараёнида 41 ой 10 кун учун 11 450 000 сўм қарздорликнинг 6 956 000 сўмини тўлаб берганлиги учун маъмурий қамоқ жазосидан озод этилди.
Гулноза Дилмуродованинг қўшимча қилишича, 15 сутка қамалиб чиққан Ф.Раҳматов берилган жазодан тегишли хулоса чиқариб, алиментдан мавжуд 4 227 138 сўм қарздорлигини дарҳол тўлаб берган.
Изоҳ (0)