Ўзбекистонда электр энергияси билан боғлиқ узилишлар 2020 йилга келиб барҳам топади. Бу ҳақда Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев маълум қилди, дея хабар беради «Podrobno.uz».
«Энергетикани ривожлантириш дастури нафақат ишлаб чиқарилаётган электр энергияси ҳажмини кўпайтириш, балки зўриқишларни зудлик билан бартараф этиш учун маълум захира бўлишини ҳам кўзда тутади. Ҳозир, афсуски, бундай захирамиз йўқ. Охирги 10 йил давомида 2 минг мегаватт янги қувватлар ишга туширилган, яқин 10 йил ичида бу кўрсаткич бундан 6 баробар кўп бўлиши режалаштирилган. 2020 йилдан бошлаб мамлакат аҳолиси ўзгаришларни яққол сеза бошлайди. Яъни электр таъминотидаги узилишлар кескин пасаяди, биз бундай муаммолар юзага келиши эҳтимоли нолга тенг бўлишига ҳаракат қиламиз», — деди Хўжаев.
Вазир ўринбосарига кўра, Осиё тараққиёт банки мутахассислари электр энергияси етарли миқдорда етказиб берилмаслиги туфайли Ўзбекистон иқтисодиёти йилига ўртача 6 миллиард доллар йўқотаётганлиги ҳақидаги хулосага келган.
Изоҳ (0)