Ҳукумат қарори (236-сон, 20.03.2019 й.) билан «Маданият ва санъат фидокори» кўкрак нишони тўғрисида низом тасдиқланди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг «Ҳуқуқий ахборот» Telegram-канали хабар берди.
Низомга мувофиқ, кўкрак нишони билан мамлакатда маданият ва санъат соҳасини ривожлантириш, ўзбек миллий маданияти ва санъати нуфузини жаҳон миқёсида ошириш, ёш истеъдод эгаларининг қобилияти ва салоҳиятини рўёбга чиқариш борасида фидокорона меҳнат қилган ва юқори натижаларга эришган фуқаролар тақдирланади.
Кўкрак нишони билан тақдирлаш бўйича таклифлар ҳар йили 1 октябрга қадар ҳудудий маданият бошқармаларига тақдим этилади.
Маданият вазирлиги номзодларнинг ҳужжатларини ўрганиб чиқиб, ҳар йили 1 декабрга қадар энг муносиб номзодлар бўйича якуний хулоса чиқаради.
Кўкрак нишони Янги йил байрами арафасида Маданият вазири томонидан тантанали равишда топширилади.
Кўкрак нишони билан тақдирланган шахслар энг кам ойлик иш ҳақининг 3 баравари миқдорида бир йўла тўланадиган пул мукофоти олади.
Изоҳ (0)