Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Крайстчёрчдаги масжидларга амалга оширилган қуролли ҳужумларни кескин қоралади ва бу ҳужумда жароҳат олганларга тезроқ шифо топишини сўради. Бу ҳақда «ТАСС» хабар берди.
«Мен Янги Зеландияда мусулмонларга қарши Ал-Нур масжидида содир бўлган террорчилик ҳаракатини кескин қоралайман. Аллоҳ жабрланганларга раҳм қилсин ва жароҳатланганларга тезроқ шифо берсин. Мен мамлакатим номидан бутун Ислом дунёсига ва Янги Зеландиядаги бу жирканч ирқчилик ва исломофобиянинг яққол кўриниши бўлган ҳаракати оқибатида қурбон бўлганларнинг яқинларига таъзия изҳор этаман», — дейди Эрдўғон ўзининг Twitter’даги саҳифасида.
Жума куни қуролланган шахслар намоздан сўнг Ал-Нур ва Линвуд масжидларига кириб, кириш эшикларини қулфлаб қўйган ва ҳужум амалга оширган. Гувоҳларнинг билдиришича, бу пайтда масжидда тахминан 200 ва 300 киши бўлган. Ҳодиса оқибатида, сўнгги маълумотларга кўра, 49 киши ҳалок бўлган. Масжидларга ҳужум қилиш айбловлари билан тўрт киши, уч эркак ва бир аёл ҳибсга олинган.
Изоҳ (0)