Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси марказий кенгаши раиси Сарвар Отамуродов сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда сиёсий партиялар хусусида билдирилган фикрлар ва бошқа муаммоларга муносабат билдирди, дея хабар бермоқда ЎзА.
«Икки кун аввал кўрдим: ‘Сиёсий партиялар нима иш қилаяпти, нимани ҳал қилишди?’, ‘Умуман партиялар нима керак ўзи?’, каби саволларни. Тан олиш керак, сўнгги икки йил ичида ҳаёт умуман ўзгариб кетди. Очиғини айтаман, олдинлари сиёсий партияларни ҳеч ким тан олмасди, тузук гаплашмасди. Ҳозир эса ҳафтасига камида 2—3 та муаммо, масалалар кўтарилган хат вазирлик, идораларга кетяпти. Лекин бизнинг битта муаммомиз бор: тарғибот-ташвиқотимиз жуда бўш, суст», — дейди у.
Сарвар Отамуродовнинг фикрича, оммавий ахборот воситалари, журналистлар савияси, кадрлар салоҳияти борасида ҳам айрим муаммолар бор.
«Ўтган йили биз республика бўйича маданий мерос объектларини инвентаризация қилдик. Аслида бу ишни Маданият вазирлиги қилиши керак эди. Улар бюджетдан бу иш учун пул олади, аммо қилмаган. Вазирлик қаерда нима жойлашганини ҳам яхши билмайди, маданий мерос объектлари жойлашуви бўйича берган маълумотларнинг 30—40 фоизи нотўғри, объектларнинг баъзилари бузилиб кетган. Вазирлик маълумотига қарасак, республикада тахминан 7480 та объект бор, аслида улар 6975 та. Қолганлари-чи? Йўқ, жойи теп-текис, асфальт ётқизилган ёки умуман бузилиб кетган. Бундан ташқари, 370 та янги маданий объектни аниқладик. Бу йил ҳукуматга масала қўйдик — бу ишлар учун аввал ажратилаётган 50 миллиард пулни 67 миллиардга чиқардик. Маҳаллий бюджет харажатларидан ортган пулнинг бир қисмини мазкур муаммоларни ҳал этишга йўналтириш бўйича қарор қабул қилдик», — дейди партия раҳбари.
Сарвар Отамуродовнинг таъкидлашича, баъзи маданий мерос объектларининг кадастр ҳужжати йўқ, давлат муҳофазасига олинмаган. Мисол учун, Сурхондарё вилоятида жойлашган XVI асрда қурилган қадимий Абдулазизхон мадрасасини омборхона қилиб қўйилган. Партия вакиллари бу ҳудудни топиб, ўрганиб, расмлар, хулосаларни Маданият вазирлигига топширган, ҳозирда бу борада ишлар олиб борилмоқда ва 2019 йил охиригача бу муаммо ҳал этилиши кутилмоқда.
Изоҳ (0)