Атоқли ўзбек олими Наим Каримов томонидан илк ўзбек фотосуратчиси ва ўзбек киноси асосчиси Худойберган Девоновга бағишланган китоб-альбом тузилди. Бу ҳақда Ислом Каримов фонди хабар берди.
Китоб ўзбек ва рус тилларида нашр этилиб, ундан Худойберган Девоновнинг ноёб архив фотосуратлари жой олган. Нашрда, шунингдек, Ўзбекистонда фотосурат ва киносанъатнинг пайдо бўлиш тарихи ҳам ёритилади.
Худойберган Девонов 1879 йилда Хива хонлигида Хўжайли мулклари бошқарувчиси бўлмиш Нурмуҳаммад Девонов оиласида туғилган. У болалигидан яхши савод олган, араб тилини мукаммал ўрганган, шеърият, мусиқа ва боғдорчиликларга қизиққан. Ўша йиллар Хоразмда истиқомат қилган немис суратчиси Вильгельм Пеннердан фотосанъат сабоқларини олган.
Ўзининг илк суратларини Х. Девонов 1890 йилларда яратган. Уларда пахта терими, мадраса қурилиши, Наврўз байрамини нишонлаш манзаралари акс этган. 1908 йилда Девонов илк маротаба Хоразмнинг тарихий обидалари, миноралари ва масжидларини кинокамерага суратга олган. Айнан шу йил ўзбек киноси туғилган йил деб саналади.
1937 йилда Худойберган Девонов қатағон қилиниб, 1940 йилда вафот этган.
Ҳозирда Каримов фонди китоб-альбомни нашрга тайёрламоқда.