Хоразмда Қ.С. «Odnoklassniki.ru» ижтимоий тармоғида ўзининг номига очилган профилга «Адолат излаб», «Адолат қачон?» деб номланган видео маълумотларни жойлаштирди. Бу ҳақда «Дарё»га Жиноят ишлари бўйича Хонқа туман судининг раиси Мақсудбек Қиличев маълум қилди.
Унда гўёки туман ҳокими давлат хавфсизлик хизмати ходимлари билан тил бириктириб, уни ва акаси Э.С.ни айбсиз бўлсалар-да, уларга нисбатан ноқонуний далиллар тўплатиб қаматиб юборгани, фермер хўжалиги ер майдонларини ноқонуний тортиб олиб, пора эвазига бошқа бир фуқарога бериб юборгани айтилган. Унинг сўзларига қараганда, туман ҳокими 15- 20 гектар ерни 5-10 минг АҚШ долларидан сотиб юборган. Бу гаплар билан у туман ҳокимини жуда кўп миқдорда пора олганликда айблаб, шарманда қиладиган уйдирмалар тарқатиб, қасддан туҳмат қилган.
Қ,С. бу қилмиши билан чекланиб қолмай, фирибгарлик билан ҳам шуғулланиб, иккита одамнинг иш ҳақини бермай келган.
— Қ.С. томонидан амалга оширилган ишлар, видеоматериалларда тилга олинган ҳолатлар тегишли тартибда ўрганиб чиқилди, – дейди Жиноят ишлари бўйича Хонқа тумани суди раиси Мақсудбек Қиличев. — Бу фуқаро айтган гапи, келтирган фактларини далиллар билан исбот қилиб бера олмади. Қ.С. қилган туҳмати ва фирибгарлиги учун 1 йилу 3 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Самарқандда ҳокимга мурожаат қилган фуқаро ҳибсга олингани маълум қилинганди.
Изоҳ (0)