Ўзбекистонда демографик тенденциялар ҳамда 11 йиллик таълимга ўтилиши муносабати билан ўқувчилар сони охирги 2 йилда 20 фоизга ортди, бу эса аксарият мактабларда ўқув жараёни икки ва ундан кўп сменада ташкил этилишига сабаб бўлмоқда. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги маълум қилди.
Шу билан бирга, айрим мактабларга ота-оналар томонидан қизиқиш жуда ҳам паст. Бу асосан мактаб раҳбарларининг талабга жавоб бермаслиги ҳамда халқ таълими бўлимлари ва бошқармалари ходимларининг масъулиятсизлиги туфайлидир. Йиллар давомида бўлим ва бошқарма ходимлари кўпроқ эътиборини талаб юқори бўлган мактабларни ўрганиш, уларни директорлар фаолиятини текширишга қаратиб, ота-оналар талаби кам бўлган мактабларга деярли эътибор берилмаган.
Шунинг учун ҳам Халқ таълими вазирлиги биринчи навбатда айнан шундай мактаб директорлари ҳамда бўлим ва бошқарма раҳбариятининг бу мактаблар фаолиятини яхшилаш бўйича амалга ошираётган ишларини танқидий ўрганмоқда.
Хусусан, Халқ таълими вазирлигининг Назорат-ҳуқуқий хизмати томонидан Тошкент шаҳри, Яккасарой туманидаги 73-мактаб ўрганилди. Ўрганиш давомида таълим-тарбия жараёнининг ташкил этилиши ва моддий-техник ҳолати билан боғлиқ кўплаб камчиликлар аниқланди.
Жумладан, мактаб раҳбари ўз ваколати доирасидан чиқиб, юқори ташкилотлардан рухсат олмасдан 24 миллион сўмлик асосий воситаларни ўзбошимчалик билан ҳисобдан чиқарган. Шунингдек, директор томонидан мактаб ўқитувчиларининг ойлик иш ҳақидан, мукофот пулларидан маълум бир қисми нақд шаклида олиб қолинаётганлиги ҳолати ҳам аниқланган.
Жорий йилнинг 22 февралида мазкур муассаса Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси томонидан комплекс ўрганилган, аммо номига ва юзаки маълумотнома тузиш билан чекланилган.
Ушбу текшириш натижаси Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов иштирокида 73-мактабда муҳокама этилди. Йўл қўйилган камчиликлар сабабли мактаб директори Д.Мавлянова ҳамда унинг 2 нафар ўринбосари лавозимидан озод этилди. Шунингдек, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси методисти Д. Тошмуҳамедовага мазкур мактабни текширишга масъулиятсизлик билан билан ёндошгани учун ҳайфсан берилди.
Айни пайтда мазкур мактабда вазирликнинг аудит хизмати томонидан молиявий-хўжалик фаолияти текширилмоқда.
Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси ва туман халқ таълими бўлими раҳбарларига бундай ҳолатлардан хулоса чиқариб, бошқа бу каби мактаблардаги ҳолатни яхшилаш чораларини кўриш вазифалари топширилди.
Изоҳ (0)