Мудофаа вазирлиги томонидан Тошкентдаги Мирзо Улуғбек туманида жойлашган «Ҳамид Олимжон» маҳалласи ёшлари ҳамда уларнинг ота-оналари, шунингдек, кам таъминланган оилалар фарзандлари учун Угом-Чотқол тоғ тизмасида жойлашган вазирликка қарашли Тоғ тайёргарлиги ўқув-машқ маркази фаолияти билан яқиндан танишиш мақсадида экскурсия уюштирилди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлигининг матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
Дастлаб тадбир қатнашчилари денгиз сатҳидан бир минг олти юз метр баландликда жойлашган марказ фаолияти билан яқиндан танишиб, ҳарбий хизматчиларнинг тоғ тайёргарлиги машғулотларини бажариши учун яратилган ўқув жойларига ташриф буюрди.
Экскурсия давомида ёшларга йўриқчилар томонидан тоғ тўсиқлари, қояларга кўтарлиш ҳамда тушиш бўйича амалий машқлар кўрсатиб берилди. Ўзини синаб кўришни истаган ёшлар учун техника хавфсизлигига риоя қилинган ҳолда машқларда бевосита иштирок этиш имконияти яратиб берилди. Бундан ташқари, иштирокчилар пневматик милтиқдан отиш бўйича мерганлик маҳоратларини ҳам синаб кўрди.
Таъкидлаш керакки, Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари томонидан ёшларнинг маънавий-маърифий савиясини ошириш, уларда ҳарбийликка қизиқишни ошириш мақсадида бу каби амалий ишлар кенг олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)