МТС компанияси Нью-Йорк Жанубий округи суди АҚШ Адлия вазирлиги ҳамда Қимматли қоғозлар ва биржалар бўйича комиссия (SEC) билан эришилган келишув битимини маъқуллаганини эълон қилди.
Битим шартларига кўра, МТС Ўзбекистондаги 2004—2012 йиллардаги фаолияти давомида коррупция ҳолатларига йўл қўйгани учун Америка ҳукуматига 850 миллион доллар миқдорида жарима тўлаши лозим.
МТС 2012 йили Ўзбекистондаги бизнесини тўхтатишга мажбур бўлган. Орадан икки йил ўтиб, 2014 йили компания яна Ўзбекистонга қайтган — бунинг учун компания Ўзбекистон Радиоалоқа, радиоэшиттиришлар ва телевидение маркази билан қўшма корхона очишига тўғри келган. Ушбу корхонадаги улушини МТС 2016 йили Ўзбекистон ҳукуматига 1 долларга сотиб, яна мамлакатдан чиқиб кетди.
АҚШ назорат қилувчи органлари МТСнинг Ўзбекистондаги бизнесига нисбатан 2014 йилдан бери коррупцияга қарши суриштирув ҳаракатларини олиб бормоқда. Америка ҳукумати вакилларининг таъкидлашича, МТС, VEON («Билайн-Ўзбекистон») ва Telia (Ucell) Ўзбекистон телекоммуникация бозорига кириш вақтида, жумладан, Гулнора Каримова билан боғлиқ структураларга кўп миллионлик поралар учун сохта компаниялар тармоғи ва қалбаки маслаҳат шартномаларидан фойдаланган.
Ушбу суриштирувлар оқибатида 2016 йили VEON 795 миллион доллар, Telia эса 965 миллион доллар миқдорида жарима тўлаган.
Изоҳ (0)