Андижон вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, 3-сектор ҳисобланган Асака туманининг Арғин маҳалласида сайёр қабул ўтказди. Дастлаб, туман ҳудудини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича 3-сектор ишчи гуруҳи штабининг фаолияти билан яқиндан танишилди. Бу ҳақда «Дарё»га вилоят ИИБ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Вилоят ИИБ матбуот хизмати бошлиғи Шерзодбек Нуриддиновнинг маълум қилишича, қабулда Асака тумани ҳокими Эркин Якубов ҳамда туман ИИБ масъул ходимлари, секторга қарашли Арғин, Тувадоқ, Дўрман, Новкан, Тоштепа, Мирзаобод, Намуна-Бўстон, Файз маҳаллаларида яшовчи 150 дан ортиқ фуқаро иштирок этган.
Сайёр қабул давомида йўлларни шағаллаш, электр таянчлари ўрнатиш ва эскирган трансформаторларни алмаштириш, ичимлик ва оқава суви, имтиёзли кредитлар олиш, ҳудудда мактабгача таълим муассасасини қуриш ва суюлтирилган газ балонларини ажратилиши бўйича 70 га яқин мурожаат қабул қилинди.
— Бир неча йиллардан бери Россияга бориб қурилиш ташкилотларида ишлаб келардим, — дейди Тувадоқ маҳалласида истиқомат қилувчи Шералиев Маъмирбек. – Ўтган йили айрим сабабларга кўра депортация бўлганман. Ҳозирда ишсизман. Учрашувда бандлигимни таъминлашда ёрдам сўраб мурожаат қилдим. Икки-уч жойдан иш таклиф қилишди. Қишлоғимизда очилган янги ишлаб чиқариш корхонаси фаолияти ва ойлик маоши маъқул келяпти.
— Кўчамиз аҳволи жуда ёмон, — дейди Тувадоқ маҳалласи фуқароси Пастки тувадоқ кўчасида Сурайёхон Алимова. — Қиш кунларида юришга қийналамиз, лой бўлиб кетади. Ҳеч бўлмаса шағал тўкиб бериш имкони бўлса, яхши бўларди.
Мурожаатларнинг аксарияти шу ернинг ўзида ҳал этилган бўлса, қолганлари бўйича эса тегишли ташкилот ва муассаса раҳбарларига берилиб, ижросини таъминлаш бўйича йўл ҳариталар ишлаб чиқилди.
Шу куни 35 нафар фуқарога суюлтирилган газ балонлари топширилди. 10 та хонадонга 5 тонна кўмир маҳсулоти етказиб берилди.
Мирзаобод маҳалласи Миртўпи кўчасида истиқомат қилувчи 73 ёшни қарши олган онахон Рисолатхон Тожибоев узоқ йиллардан бери ногиронлик аравачасига муҳтож эди. 3-сектор раҳбарининг топшириғига асосан ушбу фуқарога ногиронлик аравачаси топширилди.
- Аҳоли томонидан бўлаётган мурожаатлар уйма-уй юриб ҳам ўрганилмоқда, - дейди Асака тумани ички ишлар бўлими бошлиғи, подполковник Содиқжон Усмонов. – Мурожаатларнинг асосий қисми ишга кириш, паспорт олиш, мол-мулкни ундириш, уй-жой масалаларига оид. Уларнинг ҳар бири тегишли соҳа мутахассиси иштирокида ўша жойнинг ўзида ечимини топмоқда. Бундан ташқари фуқароларга ҳуқуқий маслаҳатлар ва тушунтиришлар берилмоқда.
Шунингдек, сайёр қабул доирасида Асака озиқ-овқат саноати касб-ҳунар коллежида бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси ҳам ўтказилди. Унда ўттиздан ортиқ корхона, ташкилот ва муассасалар ўзларида мавжуд иш ўринлари билан иштирок этди. Ўндан ортиқ ишсиз фуқароларнинг бандлиги таъминланди.
Бундай қабуллар вилоятнинг Андижон, Бўз ва Улуғнор туманларида ҳам ўтказилди.
Изоҳ (0)