Нукус гарнизонида Мудофаа вазирлиги қўшинлари тарбиявий ва мафкуравий ишлар органи офицерлари билан услубий йиғин ўтказилди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлигининг матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
Унда ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлари, олий ҳарбий таълим муассасалари бошлиқлари ва ҳарбий қисм командирларининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосарлари, округ тарбиявий ва мафкуравий ишлар бошқармалари (бўлимлари) ва бўлинмалари бошлиқлари ҳамда соҳа офицерлари иштирок этди.
Йиғин давомида Куролли Кучлар тизимида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш концепцияси ижросини таъминлашда давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликни кучайтириш масалалари, ахборот-таҳлилий таъминот услубияти, машғулотларни ўтказишда интерфаол услублардан фойдаланиш, бўлинмаларда бадиий ҳаваскорлик гуруҳларини шакллантириш, дала шароитидаги ахборот марказини ташкил этиш каби мавзулар кўриб чиқилди.
Таъкидлаш жоизки, бу йилги йиғинда дала-ўқув майдонида реал вазиятга яқинлаштирилган тарзда кўргазмали амалий машғулотлар ўтказилди. Унинг ўзига хослиги жисмоний-руҳий тўсиқли йўлакчанинг мобиллигидир. У камхарж ва фойдаланиш учун жуда қулай. Унда кишининг стресс ҳолатига мослашувчанлиги ва тезкор қарор қабул қилиш қобилияти шакллантирилади. Ўқ отиш машғулотида ҳақиқий жанг ҳолати (ёнғин, тутун, портлашлар кабилар) имитация қилинди.
Тадбирнинг маданий қисмида йиғин иштирокчилари учун Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрига ташриф, И.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон санъат музейига экскурсия ва бошқа маънавий-маърифий учрашувлар ташкил этилди.
Изоҳ (0)